Адлия вазирлигининг давлат хизматлари марказларида жорий йилнинг биринчи чорагида қандай ишлар амалга оширилди? Бу саволга вазирлик ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева жавоб берди:

– Давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган хизматлар қаторига яна 21 та янги хизмат тури қўшилди. Хизматлар сони жами 356 тага етказилди. Йил охирига қадар уларнинг сонини 400 тага етказиш режалаштирилган.

Марказларда 55 турдаги хизматлар бепул кўрсатилади. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга 50 фоиз чегирма қўлланилади.

Марказлар орқали 7,9 миллион давлат хизмати кўрсатилди. Шундан 5,6 миллионга яқини марказлар орқали, 2,3 миллиондан ортиғи онлайн тарзда кўрсатилди. Ўртача хизмат кўрсатиш вақти 1 дақиқадан 10 дақиқагача, ўртача кутиш вақти 20 дақиқани ташкил этмоқда.

Энг кўп кўрсатилган 29 хизмат (9 миллиондан ортиқ) «3 қадам» тамойили асосида соддалаштирилиб, сўраладиган маълумотлар 225 тадан 99 тага, ариза юбориш учун сарфланадиган вақт 76 дақиқадан 22 дақиқага қисқартирилди. Жорий йил давомида барча хизматларни «3 қадам» тамойили асосида соддалаштириш режалаштирилган. 48 та давлат хизматларини кўрсатиш жараёнлари соддалаштирилди. Яна юзта давлат хизматини кўрсатиш жараёнлари соддалаштирилади.

Икки турдаги проактив ва 11 турдаги композит хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилди. Масалан, 2023 йилда 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақаларни ҳамда парваришлаш нафақасини фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда «проактив шакл»да тайинлаш тизими жорий этилди.

Соҳага оид 35 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди. 46 давлат хизматини кўрсатиш бўйича маъмурий регламент қабул қилинди. 37 давлат хизматини кўрсатиш жараёнлари тизимлаштирилди ва ҳукуматнинг иккита қарори билан тартибга солиниши йўлга қўйилди.

2023 йил 1 октябрдан давлат хизматлари марказлари томонидан фуқаронинг манзилига бориб хизмат кўрсатиш тартиби йўлга қўйилди. 1,4 миллиондан ортиқ фуқаро «Мобил-ID» тизимида рўйхатдан ўтди ва 2023 йилда ушбу тизим орқали юз мингга яқин хизматлардан фойдаланилди.

Республика бўйича 11 та замонавий марказ бинолари қурилиб, жами сони 189 тага етказилди. (78 таси давлат-хусусий шериклик асосида). 2024 йилда янги биноларни қуриш ишларини тўлиқ якунлаш режалаштирилган.

2023 йилда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят марказларида хизматларни «осон», «ўрта» ва «мураккаб» тоифаларга ажратган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилди. 2024 йилда 40 та марказда ихтисослаштириш жорий этилади.

Чилонзор тумани давлат хизматлари маркази биносида «Навбатсиз хизмат маскани» ташкил этилди. 14 та марказ замонавий инфокиосклар билан таъминланиб, «рақамли хизмат нуқталари» ташкил этилди.

Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази биносида ҳамда Уйчи тумани «Қумтепа» маҳалла фуқаролар йиғини биносида синов тариқасида хизматлардан содда усулда фойдаланиш имконини берувчи инфокиосклар ўрнатилди. Ушбу турдаги инфокиоскларни босқичма-босқич бошқа маҳаллаларда ҳам ўрнатиш режалаштирилган.

 

Н.Абдураимова, ЎзА