Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган мусобақаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларга мусобақаларнинг мақсад ва вазифалари, ўтказилиш тартиби, иштирокчилар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ёшларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказиш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда маҳаллаларда ёшлар ўртасида енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, шашка, армрестлинг, волейбол, стритбол, миллий кураш, мини футбол, футбол, гимнастрада, Workout бўйича мусобақаларни беш босқичда ўтказиш режалаштирилган.
Волейбол бўйича Ички ишлар вазирлиги кубоги, миллий кураш бўйича Бош прокурор кубоги, мини футбол ва футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақалари ўтказилади.
Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида қувноқ стартлар, шашка, енгил атлетика, стол тенниси, волейбол (ўғил болалар ва қизлар), мини футбол (ўғил болалар), профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида шашка, енгил атлетика, волейбол, стол тенниси (ўсмирлар ва қизлар), олий таълим муассасалари талабалари ўртасида енгил атлетика, стол тенниси, стритбол, волейбол (ўсмирлар ва қизлар) мини футбол (эркаклар) бўйича мусобақалар ўтказиш режалаштирилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, иккинчи босқич март ойида кўчалараро маҳалла, иккинчи босқич апрель ойида маҳаллалараро сектор, учинчи босқич май ойида секторлараро туман, тўртинчи босқич июнь ойида туманлараро, ҳудудий, бешинчи босқич июль ойида республика миқёсида ўтказилади. Шунингдек, пара енгил атлетика, пара стол тенниси, пара шахмат, пара шашка, пара стол тенниси (ногиронлик аравачасида) бўйича мусобақалар апрел ойида шаҳар ва туман, май ойида ҳудудий, июнь ойида республика босқичлари ўтказилиши қайд этилди.
Тадбирда мусобақаларни ўтказишдаги янгиликлар, тайёргарлик жараёнлари, ғолибларини тақдирлаш маросимлари бўйича батафсил маълумот берилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири