Олимлар фикрича, Aнтарктидадаги денгиз муз қоплами миқдори хавотирли даражага тушиб кетиб, 2 миллион квадрат километрдан камайган. Бу ҳақда хориж ОAВ бонг урмоқда.
AҚШ Миллий қор ва муз ҳақидаги маълумот маркази (NSIDC) вакиллари денгиз музи рекорд даражада қисқаришининг аниқ сабаби ҳали маълум эмаслигини таъкидлаган. Бунга глобал исишдан ташқари шамол нақши ва бошқа омиллар ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Тадқиқотчилар таъкидлашича, муз ҳақидаги юқори сифатли маълумот атиги 45 йил олдин олина бошлаган. Бундай қисқа вақт оралиғи Aнтарктидадаги денгиз музи ўзгарувчанлик хусусиятини бугунги кун талаби даражасида акс эттира олмайди. Яъни, узоқ муддатли тенденцияни кўрсатмайди.
Маълумки қорли қитъа музи 2016 йилдан буён меъёридан анча паст кўрсаткичга эга, сўнгги уч йил рекорд даражада пасайган. NSIDC маълумотига кўра, музнинг қалинлиги 1-2 метрдан ошмайди. Шунингдек, олимлар 15 январь-15 февраль оралиғида Ғарбий Aнтарктидада кузатилган ғайритабиий иссиқ об-ҳаво 1991-2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 4 даража юқорилигини айтишди.
Денгиз музи пасайиши пингвин, тюлень ва бошқа жонзотлар учун хавф туғдиради. Бундан ташқари, эриш денгиз сатҳини кўтаради. Муз қуёш нурини коинотга қайтариш орқали сайёрадаги ҳарорат мувозанатини сақлашга ёрдам бериши ҳам муҳим. Олимлар глобал исишнинг олдини олиш чорасини кучайтиришга чақирмоқда. Зеро, Aнтарктида муз қоплами бутунлай йўқолиб кетиши мумкин, деб ёзган “The Daily Mail”.
Г.Сатторова, ЎзА