Истеъмолчи эмас, таъминотчи қарздор экан

Туман газ корхонаси Хўжайли туман Гулзор кўчаси, 5-уйда яшовчи фуқаро Р.Матжанов номига газ таъминотидан 753961,41сўм қарздорлик расмийлаштирди.
Тўловларни вақтида амалга ошириб келаётган истеъмолчи бу ҳолатдан норози бўлди. Бироқ туман газ корхонаси ходимлари уни тингламади. Иложсиз қолган фуқаро асоссиз қарздорликдан норози бўлиб, туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.
Жамият ходимлари ушбу масала юзасидан ўрганишлар олиб борганда қизиқ ҳолатга дуч келишди. Гап шундаки, фуқаро истеъмол қилинмаган газ учун 203 198,87 сўм ортиғи билан тўлаб қўйган экан.
Истеъмолчига нисбатан ҳисобланган асоссиз қарздорлик бартараф этилди.

 

ЎзА