“Халқаро меҳнат ташкилотининг ишлаётган эркаклар ва аёллар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисида»ги 156-сонли Конвенцияси (Женева, 1981 йил 23 июнь) оилавий мажбуриятларга эга бўлган ходимлар (аёллар ва эркаклар) учун тенг имконият ва шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган.

Унга қўшилган давлатлар бундай ходимларга нисбатан меҳнат ҳуқуқлари соҳасида камситишларнинг олдини олиш чораларини кўриш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Конвенция ҳозирги кунга қадар Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо бўлган 187 та давлатнинг 45 таси томонидан ратификация қилинган. Улар қаторида Норвегия, Швеция, Испания, Франция, Япония, Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Озарбайжон ва Қозоғистон каби мамлакатлар бор.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг ишлаётган эркаклар ва аёллар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисидаги 156-сонли Конвенциясини (Женева, 1981 йил 23 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур халқаро конвенциянинг барча талаблари Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигига тўлиқ имплементация қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди” деб белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда тенг имкониятларни таъминлаш бўйича оилавий мажбуриятларни бажарувчи шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари қўшимча кафолатларини белгиловчи нормалар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларда ўз аксини топган.

Конвенцияни ратификация қилиш келгусида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришг меҳнат муносабатларига тааллуқли бўлган талабларни, халқаро стандартларни самарали жорий этиш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА