Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистоннинг Туркия ва Озарбайжондаги элчиларининг ҳисоботлари эшитилди.

Эшитувлар Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида шу йил 18 январь куни ўтказилган селектор мажлисидаги чуқур таҳлиллар асосида шаклланган вазифа ва топшириқлар ижроси юзасидан Парламент назоратини ўрнатиш доирасида ташкил этилди.

Мажлисда олий даражадаги ташрифлар натижасида қабул қилинган “йўл хариталаридаги лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни таъминлаш муҳокама марказида бўлди. Очиқ ва холисона муҳокама давомида “йўл  хариталари”нинг ижросига тегишли масала ва муаммолар танқидий кўриб чиқилди.

Туркия давлати билан ҳамкорликда 2023 йилда 1,2 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилгани, ушбу давлат компаниялари иштирокида 300 дан ортиқ янги корхона ташкил этилгани эътироф этилди.

Шу билан бирга, сенаторлар кейинги икки йил давомида Ўзбекистондан Туркияга экспорт ҳажмларининг камайишига эътибор қаратди. Бундан ташқари, икки томонлама савдода нотариф тўсиқлар сақланиб қолаётгани қайд этилди.

Туркия билан ҳамкорликда умумий ҳажми 613,4 миллион долларлик 48 та инвестиция лойиҳасидан 20,5  миллион долларлик 6 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш турли сабабларга кўра ортда қолмоқда. Шунингдек, қатор вазирлик ва идораларнинг ҳаракатсизлиги туфайли 342 миллион долларлик 11 та лойиҳа тўхтаб қолган. Ушбу лойиҳалар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, Навоий ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари масъул бўлган.

Сенаторлар Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси томонидан сиёсий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳаларида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади. Савдо-иқтисодий соҳада эришилган ижобий натижалар эътироф этилди. 2023 йилда устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон – Озарбайжон қўшма инвестиция фонди ташкил этилди. Элчихона ташаббуси билан ҳудудларда 115 миллион долларлик 4 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, дипломатик ваколатхона масъул бўлган нефт ва газ саноати соҳаси ҳамда бириктирилган Наманган ва Хоразм вилоятларидаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Олий даражадаги ташриф натижасида қабул қилинган “йўл харитаси”ни амалга оширишда қатор муаммолар мавжудлиги таъкидланди.

Хусусан, “Йўл харитаси”га киритилган 87 та лойиҳадан 4 таси (умумий қиймати 72 миллион доллар) кеч амалга оширилмоқда, 14 таси (569 миллион долларлик) умуман амалга оширилмаяпти. Шу жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 8 та инвестиция лойиҳа бўйича ҳанузгача амалий ишлар суст олиб борилмоқда.

Парламент аъзолари тегишли идоралар ва компаниялар, вилоят ҳокимликлари инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда икки томонлама учрашувларни ташкил этиш бўйича республика дипломатик ваколатхоналарининг таклиф ва мурожаатларини кўриб чиқишда тезкорлик таъминланмаганлигига эътибор қаратди. Ўзбекистон элчихоналари билан ҳаракатларни мувофиқлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига батафсил тавсиялар берилди ва ўз фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Сенаторлар, маҳаллий кенгашлар депутатлари, масъул вазирлик ва идоралар, давлат компаниялари раҳбарлари, маҳаллий ижро ҳокимият органлари ва оммавий ахборот воситлари вакиллари иштирок этган мажлис якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА