Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Муҳими, бу борада кўплаб амалий ишлар қилинмоқда.

Бунга жавобан ёшлар ҳам барча жабҳаларда ўзларини тўла намоён этаётир. Буни биргина Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ўтган йилги фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мазкур тузилма ёшларимизга яратилган имкониятлар, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар билан тенгдошларини яқиндан таништириш ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тегишли органларга етказиш билан бирга, қонун ижодкорлиги жараёнида фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Хусусан, ўтган йили Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларида сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгариш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳаси муҳокамалари жараёнида минглаб ёш авлод вакилларининг таклифлари олинди. Эътиборлиси, ушбу таклифлардан қонун ижодкорлиги жараёнида унумли фойдаланилди.

Давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йил 11 апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қатор устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

Ёшлар парламенти аъзолари уларнинг ижроси давомида ҳам ўзларини намоён қилди. Масалан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Олмазор тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда “InnoWeek.Uz-2023” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида талабалар ва юқори синф ўқувчилари билан учрашув ташкил этилиб, унда IT, робототехника, 3D моделлаштириш ва интерьер дизайн ҳамда энг кўп қўлланиладиган 10 та чет тили бўйича тақдимотлар ўтказилди.

Айни чоғда Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда жамоатчилик мониторинги олиб борилди ва ўнга  яқин вазирликлар билан икки томонлама учрашувлар ташкил этилди ва доимий равишда ҳамкорликда амалий лойиҳаларни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Натижада ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида йўлга қўйилган “Workout” майдончалари фаолияти Андижон, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри мисолида ўрганиб чиқилди. Муҳими, шу жараёнда аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрилди.

Ёшлар парламенти фаолиятида ижтимоий муҳофазага муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳам етакчилик қилди. Чет элдаги ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш мақсадида халқаро майдонда ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга катта эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, 2023 йилда Сенат Раиси бошчилигида Ўзбекистон делегацияси таркибида бўлган Ёшлар парламенти аъзолари Беларусь Миллий мажлиси ҳузуридаги Ёшлар парламенти вакиллари билан учрашув ўтказди ва ҳамкорлик меморандуми имзолади.

Ёшлар парламенти аъзолари томонидан “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси тўғрисида”ги қонуннинг мамлакатимиз ҳудудлари, жумладан, Самарқанд вилоятидаги ижроси ҳолати ўрганилди.

Ёшларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш мақсадида барча ҳудудларда ёшлар қабули ташкил этилди. Натижада ёшлардаги муаммолар, таклиф ва талаблар ўрганилиб, тегишли идораларга ахборот киритилди.

“Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида Бухоро, Сурхондарё, Хоразм, Қашқадарё ва Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида “Ёшлар парламенти боғи” ташкил этилиб, умумий ҳисобда мингга яқин кўчат экилди.

Ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик таклифларини ишлаб чиқиш, назорат-таҳлил йўналишида фаол иштирок этиш ва сенаторларнинг ҳудудлардаги фаолияти давомида ҳамкорлик қилиш бўйича жорий йилда ҳам тузилма вакиллари фаол иш олиб боради.

Бундан ташқари, вазирликлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, ёшларга йўналтирилган амалий лойиҳаларни кенгайтириш орқали улар билан янада кўпроқ ишлаш, халқаро алоқалар ўрнатиш, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш ва бунда чекка ҳудудлардаги ёшларни қамраб олиш мақсад қилинган.

Н.Абдураимова, ЎзА