Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор “Taxiatosh yollardan muntazam foydalanish” масъулияти чекланган жамиятидан бир нафар ишчи ходимга 50 миллион сўм ойлик иш ҳақини ундириш белгиланган эди.
Ҳар бир ишчи ўз меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга эканлиги Конституциямизда белгилаб қўйилган. Лекин айрим ҳолларда иш берувчилар ўз ишчиларига ойлик маошларини ўз вақтида бермаганлигининг гувоҳи бўламиз. Бундай ҳолларда ойлик маошларни ундириш суд тартибида бюро органлари томонидан амалга оширилади.
Юқорида қайд этилган ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси Тахиатош туман бўлими иш юритувига келиб тушиб, бўлим ходимлари томонидан ижро ҳаракатига киришилди. Амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида ходимнинг иш ҳақи ўз муддатида ундириб берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири