Бугун Тошкентда Ўзбекистон – Беларусь давлатларининг II Форуми бўлиб ўтди. Анжуманда икки мамлакат тегишли вазирлик, идоралари раҳбарлари томонидан иқтисодий салоҳият, экспорт имконияти, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш қувватларига оид тақдимотлар намойиш қилинди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Беларусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати вазирлиги ўртасида “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати: Ўзбекистон ва Беларусь учун янги имкониятлар” мавзусида музокара олиб борилди.

Иштирокчилар ўзаро етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари турини кўпайтириш, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик ва ветеринария, қишлоқ хўжалиги фанлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги келгуси қадамлар акс этган бир қатор лойиҳаларни тақдим этди.

– Мазкур форум маҳсулотларимиз билан яқиндан таништиради, Беларусь товарларини юртингиз бозорида тарғиб қилади, – деди кўргазмада ўз маҳсулотлари билан иштирок этган Беларуснинг энг йирик “Спартак” қандолат фабрикаси экспорт бўлими савдо менежери Дмитрий Войтко. – Маҳсулотларимиз табиий, юқори  сифатли, нархи ҳам рақобатбардош. Ўзбекистон билан 2014 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келамиз. Корхонамизнинг ижобий тенденцияси – мунтазам ўсиш, савдо кўламини кенгайтириб бориш. Эътиборли жиҳати, тадбиркорларга, маҳаллий аҳолига маҳсулотимиз маъқул келяпти. Бундай кўргазмалар Беларусь маҳсулотлари Ўзбекистон бозорида харидоргир эканини кўрсатмоқда.

Анжуман давомида Беларусда “ин-витро” усулида етиштирилган голубика кўчати элита навидан фойдаланган ҳолда, республикамиз ҳудудида мазкур ўсимликни етиштириш бўйича синов-кўргазма майдони яратиш лойиҳаси келишиб олинди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон билан Беларусь ўртасида қишлоқ хўжалиги савдоси, фан ва аграр таълим бўйича яқин ҳамкорлик ўрнатилган, чорвачилик, ветеринария ва ўсимликлар селекцияси соҳасида фаол алоқа йўлга қўйилган.

Самимий руҳда кечган музокара давомида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Беларусь билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, бу ҳар икки томон учун бирдек манфаатли эканини қайд этди.

– Ўзбекистон – Беларусь II Форуми доирасида ҳамкорларимиз билан бирга қатор масалалар, хусусан амалдаги лойиҳаларнинг жорий ҳолати ва келгусида амалга оширишимиз зарур бўлган йўналишларни муҳокама қилдик, – деди  Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров. – Ҳозиргача  Беларусдан наслли қорамоллар келтириш йўлга қўйилган. Энди насл олиш, маҳсулдорлиги юқори бўлган зотларни ўзимизда урчитиш орқали наслдор жониворларни кўпайтириш билан шуғулланяпмиз.

“Серволюкс” номли йирик корпорация билан қиймати 150 миллион долларлик лойиҳани йўлга қўйишга келишиб олдик. Парранда етиштириш, маҳсулотларни келгусида экспортга йўналтириш кўзда тутилган. Бундан ташқари сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик “Саушкин” корхонаси билан 40-50 миллион долларлик янги лойиҳани илгари суриш бўйича иш бошланди.

Беларусь ҳудудида ҳам қўшма лойиҳалар амалга ошириш,  йирик чорвачилик мажмуалари ташкил этиш, етиштирилган маҳсулотни арзон нархда юртимизга келтириш масаласида келишувга эришишмоқчимиз.

Ҳар қандай соҳани ўзлаштириш, ривожлантириш учун билим, малакали мутахассислар керак. Шу нуқтаи назардан Беларусдан ўрганиш мумкин бўлган кўп жиҳатлар бор. Масалан, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети билан Витебск давлат ветеринария академияси ўртасида келишув имзоланиб, қўшма факультет ташкил этилган. Факультет  “2+2” форматида фаолият олиб боради. Яъни, ўзбекистонлик талабалар Самарқандда 2 йил, Витебскда 2 йил ветеринария, зооинженерия йўналишларида, чорвачилик соҳасида таълим олиб, 2 та дипломга эга бўладилар. Ҳозир қўшма факультетда 250 нафар ўзбекистонлик ўғил-қиз таълим олмоқда.

Музокаралар якунида томонлар самарали, конструктив ҳамкорлик истиқболининг амалий жиҳатлари акс этган ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.

Тошкент форуми доирасда жами 80 миллион долларлик шартномалар имзоланди.

Муҳаррама Пирматова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА