Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож 3 нафар ёшга янги уйларнинг калитлари топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун берилаётган эътибор ва ғамхўрлик, яратилаётган имкониятлар ҳақида гапирди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 октябрдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, турар жойлар билан таъминлаш, уларни оилавий болалар уйларига жойлаштириш, ҳаётга тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш тизимини такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар келажак эгалари бўлган ёш авлод вакилларининг ҳаётда ва жамиятда ўз ўрнини топишига, Ватанга фойдаси тегадиган инсон бўлиб вояга етишига хизмат қилмоқда.
Янги хонадон эгалари бўлган ёшлар алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири