Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида республика умумтаълим мактабларида барча фанлардан аъло баҳоларда ўқиб, якунловчи имтиҳонларни муваффақиятли топширган битирувчи ёшларимизга олтин ва кумуш медалларини топширишга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, барча битирувчи ёшларни қўлга киритган муваффақияти билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ёшларни билимли, жисмоний чиниққан инсонлар қилиб тарбиялаш ва камолга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шунинг учун ҳам, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва уларни муносиб тақдирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунинг ёрқин мисоли сифатида биргина Қорақалпоғистоннинг ўзида олий таълим масканлари сони 2016 йилдаги 6 тадан 12 тага, талаба бўлиш кўрсатгичи 9 фоиздан 41 фоизга етказилди. Ўтган йилда 10 минг нафар ёш қўшимча квота асосида талаба бўлган бўлса, бу эзгу ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилиб, яна қўшимча 6 минг 500 квота ажратилмоқда.
Яратилаётган имкониятлар ўз самарасини бериб, 267 нафар битирувчи муддатидан олдин юртимиздаги ва дунёнинг обрўли олий таълим муассасалари талабаси бўлди. Мактабни битирган 22 минг нафардан ортиқ ўқувчидан 648 нафари олтин, 188 нафари кумуш медаль эгасига айланди.
Битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар тантанали равишда топширилди.
Тадбир санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари