Нукус шаҳридаги “Нукус деҳқон бозори» акциядорлик жамиятининг савдо мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Мажбурий ижро бюроси ва Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ инспекцияси ҳамкорлигида жиноят ишлари бўйича судларнинг ижро ҳужжатларига асосан давлат даромадларига ўтказилиши белгиланган молларнинг савдо ярмаркаси ташкил этилди.
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, муваққат тарзда ўтказилаётган икки кунлик савдо ярмаркасида жами 400 миллион сўмдан ортиқ товарлар, жумладан, арзонлаштирилган нархдаги юздан ортиқ кийим-кечаклар, пойабзал, газлама, сочиқ, парфюмерия маҳсулотлари, уяли телефон аппаратлари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари каби маҳсулотлар сотувга чиқарилган.
Ярмаркада товарларни аҳолига таклиф қилиш билан бирга, МИБ ҳодимлари онлайн аукционни ҳам тарғиб қилаётир. Фуқароларга онлайн аукционда иштирок этиш тартиби тўғрисида тушунчалар берилди.
Савдо ярмаркасида сотилмай қолинган ёки жиноят ишлари бўйича судларнинг ижро ҳужжатларига асосан давлат даромадларига ўтказилиши белгиланган бошқа маҳсулотлар Нукус шаҳридаги махсус шахобчаларда ҳам доимий сотилиши белгиланган.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА