Мамлакатимизда давом этаётган Челябинск вилояти кунлари доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ишбилармонлари бизнес-форуми ўтказилди.
Тадбирда икки мамлакатнинг нефть-газ, тоғ-кон саноати, озиқ-овқат, кимё, енгил саноат, машинасозлик, соғлиқни сақлаш каби қатор соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Бизнес-форум Ўзбекистон ва Россия Федерациясининг транспорт-коммуникация имкониятлари ва транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш орқали ўзаро товар айланмаси ҳажмини ошириш, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Россия Федерациясининг Челябинск вилояти губернатори Б.Дубровский ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани, мазкур тадбир савдо-иқтисодий, сармоявий ва ижтимоий соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Икки давлат раҳбарлари томонидан мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш юзасидан кўрилаётган қатъий чора-тадбирлар натижасида ўзаро товар алмашув изчил ўсмоқда.
Форумда россиялик ишбилармонларга мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотлар, сармоя киритиш истиқболлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш омиллари тўғрисида маълумот берилди. Ўзбекистон ва Челябинск вилояти ишбилармонлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ва улар ижроси ҳақида сўз юритилди.
– Россия ва Ўзбекистон узоқ йиллардан буён ўзаро ишончли ва манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириб келмоқда, – дейди Жанубий Урал Савдо-саноат палатаси президенти Ф.Дегтярёв. – Сўнгги йилларда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва илмий-техник соҳалардаги алоқалар юқори даражага кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур бизнес-форум ҳам савдо алоқаларини ривожлантириш ва турли соҳаларда кўплаб йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга замин яратади.
Тадбир доирасида икки мамлакатда инвесторлар учун яратилаётган шароитлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, мавжуд иқтисодий имкониятлар тақдимоти ўтказилди.
– Ташкилотимиз 10 йилдан буён самарали фаолият юритиб келмоқда, – дейди “Уралспецмаш-экспорт” холдинг компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори А.Расулмуҳамедов. – Компания мамлакатимизга 150 дан ортиқ турдаги махсус техника воситалари етказиб беради. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Навоий, Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари сингари йирик ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламиз. Ушбу бизнес-форум фаолиятимизни янада кенгайтириш учун қулай имкониятдир.
Форумда икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор келишувлар имзоланди.
Бизнес-форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.Отажонов сўзга чиқди.
Шу куни делегация аъзолари Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот маркази ҳамда Тошкент вилояти Паркент туманидаги ўсимликлар клиникасида бўлиб, у ерда амалга оширилаётган илмий изланишлар билан яқиндан танишди.