ХАМАС-Исроил
Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси ташаббуси билан Қоҳирада 21 октябрь куни Фаластин муаммосига бағишлаб ўтказиладиган минтақавий саммитда 30 мамлакат ва 3 халқаро ташкилот вакиллари иштирок этади, деб хабар берди “Al-Qahera al-Ihbariya” телеканали. Қатнашчилар орасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Греция, Италия, Кипр, Туркия ва қатор араб давлатлари етакчилари қайд этилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бугун Миср томонидан Ғазо секторига гуманитар кўмак етказиш учун “Рафах” назорат пункти очилишини олқишлайди, деди тузилма Бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус.
“CNN” телеканали ҳам Миср 20 октябрь куни “Рафах” чегара пунктини очиши тўғрисида хабар берди.
ХАМАС бутун дунё араблари ва мусулмонларига Ғазо сектори ўққа тутилишини тўхтатиш чақириғи билан намойиш ўтказиш бўйича мурожаат қилди.
“22 октябрь Ғазо болалари билан бирдамлик куни бўлишини истаймиз”, дейилади баёнотда.
Фаластиннинг Россиядаги элчиси Абдул Ҳофиз Нофал Ғазо секторида вафот этганларнинг 65 фоизи аёллар ва болалар, дея маълум қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, Ғазода 4 минг атрофида фаластинлик ўлдирилган, 13 мингга яқин киши яраланган.
“Bloomberg” агентлиги манбаларига таяниб хабар беришича, АҚШ босими билан Исроил режасига ўзгартириш киритиб, қуқруқликдаги ҳарбий амалиётни тўхтатиши мумкин.
Америка ҳукумати “Исроил босқини инқирозни икки фронтга бўлиб юбориши ва зиддиятга Эрон аралашиб қолишидан хавотирда”, дея қўшимча қилган агентлик.
Ғазо секторига ҳужум оқибатида юнонларнинг Муқаддас Порфирия православ черкови портлатилган, бир қиз ва бир неча киши яраланган. Бу ҳақда Грециянинг “ERT-1” телеканали маълум қилди. Пулемёт отишмасида Ливан жанубидаги чегарада бир журналист ўлдирилган, деб ёзди “Reuters”.
АҚШ айни пайт Исроил ва ХАМАС ўртасида воситачилик қилишнинг ўрни эмас, деб билади. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэттью Миллер билдирди. У журналистларга Гутерришнинг Яқин Шарқда оташкесинни тўхтатиш ҳақидаги чақириғини рад этиб, “Бу бизнинг сиёсат эмас, биз Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз”, деган.
Президент Жо Байден давом этаётган кескин инқирозга қарамай, сўнгги кунларда иккинчи марта Яқин Шарқ муаммосини икки давлат қарори билан ҳал этишга чақирди.
– Исроил ва Фаластин халқи хавфсиз, тинч яшашга ҳақли, – деди у Оқ уйдаги чиқишида. Давлат раҳбари Исроил ҳукуматини “ғазабдан кўр бўлиб қолишдан” огоҳлантирди.
Америка томони, деярли, ҳар куни ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими, авиабомба, снаряд ва бошқа аслаҳалар билан Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Патрик Райдер маълум қилди.
Вашингтоннинг ўз гегемонлигини амалга ошириш учун Европа, Яқин Шарқда олиб бораётган иғвоси, шунингдек, Америка ички сиёсати оқибатида мамлакат “тўла тартибсизлик” таҳдиди остида. Шимолий Корея Марказий телеграф агентлиги шарҳида шундай дейилган.
“АҚШ маъмуриятининг ташқи таъсири ва мақоми йирик давлатлар ва иттифоқчилари билан янги қарама-қаршилик, инқироз туфайли тобора тушиб бормоқда”, дейилади баёнотда.
Аброр ХОН, ЎзА