Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон офтальмологларининг учинчи халқаро конгресси ўтказилмоқда.

Анжуманда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази масъул ходимлари ва юртимиз тиббиёт муассасалари мутахассислари билан бирга АҚШ, Германия, Швейцария, Украина, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Арманистон каби мамлакатлардан 1500 нафардан зиёд офтальмолог онлайн ва офлайн тарзда иштирок этмоқда.

Учинчи халқаро конгрессда офталмологиянинг деярли барча йўналишларидаги долзарб муаммолар, кенг тарқалган кўз касалликлари диагностикаси ва даволаш усуллари қамраб олинган бўлиб, бу иштирокчиларнинг қизиқишини орттириб, ёш офтальмологлар учун тажриба алмашиш ва малака ошириш учун ўзига хос имконият яратмоқда.

Анжуманнинг очилиш маросимида онлайн иштирок этган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А. Иноятов  юртимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган юксак эътибор натижасида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази 2018-2023 йилларда 150 та юқори технологик тиббий ускуна билан таъминланганини таъкидлади.

Бугунги кунда марказ 45 миллиард сўмга яқин қийматдаги 230 та замонавий тиббий асбоб-ускунага эга бўлди.

Муассаса офтальмология соҳаси бўйича Республика аҳолисига ихтисослашган тиббий ёрдамни ташкил этишнинг мувофиқлаштирувчи ва услубий маркази ҳисобланади. Марказда кўз касалликлари бўйича ногиронликнинг асосий сабаблари бўлган глаукома, кексалик макулодистрофияси, диабетик ретинопатия, тўр парда кўчиши каби оғир ва мураккаб кўз касалликлари профилактикаси ва эрта аниқлаш муаммолари энди ускуналарга боғлиқ эмас. Аммо бу технологияларни вилоят, туман ва шаҳарлар бўйича таъминланишига эришилмаса ва салоҳиятли кадарлар тайёрланмаса, беморларни тўлақонли замонавий диагностика ва даволаш стандартлари асосида текшириш, даволаш имкони бўлмайди.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳолига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш йўлларини белгилаб берди ва ҳар бир соҳа бўйича комплекс чора-тадбирлар, “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, бугунги кунда амалиётга татбиқ этилмоқда.

Шу жумладан, офтальмология соҳасида ҳам тиббий хизмат сифати йил сайин ортиб бормоқда. Айни пайтда республикада жами 49 турдаги офтальмологик касалликни даволаш бўйича 172 турда тиббий хизматлар кўрсатилади. Марказда жарроҳлик фаоллиги 99,2 фоизни ташкил этмоқда.

Ўтган давр мобайнида марказнинг Хоразм, Термиз, Наманган филиалларида  факоэмулсификация, лазер жарроҳликлари даволаш усуллари, оптик когерент томография (ОКТ), ультратовушли биомикроскопия (УБМ) диагностика усуллари кенг жорий қилинди. Самарқанд, Қорақалпоғистон, Қарши, Бухоро ва Фарғона филиалларида ҳам факоэмулсификация, лазер жарроҳликлари даволаш усуллари, оптик когерент томография (ОКТ) диагностика усули, витреоретинал, лазер жарроҳликлари даволаш усуллари жорий этилди.

Анжуманда соҳада қўлга киритилган ютуқлар таҳлили билан биргаликда бугунги кунда офтальмологиянинг долзарб муаммолари ҳақида ўзаро фикр алмашилмоқда. Халқаро тажриба асосида соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилиб, мутахассислар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича келгуси режалар юзасидан  ўзаро фикрлашиш имкониятига эга бўлишмоқда.

Ўзбекистон офтальмологларининг учинчи халқаро конгресси 13 октябрда ҳам давом этади.

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари.