Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Ёшлар ва инновацион қишлоқ хўжалиги” танловининг саралаш босқичи ўтказилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ёшларнинг янги, креатив ғояларини қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларини амалга оширишлари учун уларни руҳлантириш, соҳада илғор ва ташаббускор ёшлар учун имкон яратиб бериш мақсадида ташкил этилган мазкур танлов том маънода талаба-ёшларни қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион ғояларни жорий этишга жалб этади.

Жами 4 шарт асосида ўтказилган танловга Ветеринария ва зооинженерия факультети талабаларидан таркиб топган 5 та жамоа қатнашди. Иштирокчилар ўз чиқишлари давомида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга оид лойиҳаларни тақдим этишди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари лойиҳанинг бугунги кунда долзарблиги, илгари сурилаётган ғоянинг муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди. Якуний натижаларига кўра, Зооинженерия кафедрасининг “Келажак ёшлари” жамоаси 1-ўринни эгаллаб, танлов ғолибига айланди. Иқтисодиёт ва гуманитар фанлар кафедрасининг “Ёш бухгалтерлар” жамоаси 2-ўринни эгаллаган бўлса, Ветеринария медицинаси ва озиқ-овқат хавфсизлиги кафедрасининг “Келажак умидлари” жамоаси 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Ғолиб жамоаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.