Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаевнинг қатор фермер хўжаликлар раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда бугунгидек сув танқислиги даврида оқар сувдан оқилона, тежаб фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларида сувни оз талаб этувчи экин турларидан ҳосил олишни кўпайтириш, бозорларни сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, экин майдонларида янги инновацияларни жорий этиш масалалари тўғрисида сўз юритилди.

Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ва сув танқислиги шароитида сув манбаларидан самарали фойдаланишга қаратилган чораларни амалга оширишга зарурат ортиб бормоқда. Шунинг учун сув манбаларидан фойдаланишда юзага келаётган муаммолардан келиб чиқиб, соҳада сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаси ҳисобланади.

Олдин шоли экилган майдонларга кейинчалик сув нисбатан кам талаб этувчи картошка, полиз, дуккакли ва мойли экинлар экилди. Мана шундай олиб борилган тадбирлар натижасида 2022 йилга нисбатан 2023 йили кунжут экспорти кўлами 12,5 баробарга, мош экспорти 11,8 баробарга ошди. Полиз ва сабзавот етиштиришда ҳам юқори даражада ўсиш кузатилди.

Соҳа мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган ҳисоб-китобларга қўра, 1 гектарда шоли етиштириш учун 24,8 минг метр куб сув сарфланади ва 5 тонна ҳосил олинади. Ўртача 1 кг шоли нархи 8 минг сўмдан ҳисоблаганда, жами 40 миллион сўм даромад олинади. 1 гектарда кунжут етиштириш учун фақат 1,6 минг куб метр сув сарфланади ва 1 тонна ҳосил олинади. Ўртача 1 кг кунжут 18 минг сўмдан ҳисоблаганда жами 18 миллион сўм даромад олиш мумкин.

Шунинг учун, биринчи галда, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шолини тартиб билан жойлаштириб, ички бозорни гуруч билан таъминлаш имкони мавжуд. Аммо давлат органлари томонидан амалга оширилаётган ишларга қарамасдан ҳамда шоли етиштиришни қисқартиришда қонунчиликда аниқ нормалар белгиланмаганлиги сабабли айрим қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермерлар томонидан ўзбошимчалик билан шоли етиштирилган. Юқоридагиларни ҳисобга олиб, аҳолининг томорқаларини ва сувни нисбатан кам талаб этувчи экинлар жойлаштирилган қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғоришдан ортган сувдан келиб чиқиб, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларида жорий йилнинг ҳосили учун шоли етиштириш режалаштирилмоқда.

Бу борада Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ва масъулларга мазкур туманларда шолининг эрта пишар навлари жойлаштирилишини таъминлаб, кунлик ҳисобот киритиб бориш, шоли экилган майдонларни контурлар кесимида мониторинг қилиб, 20 августга қадар Вазирлар Кенгашига тегишли хулосаларни бериш, шоли тақсимланмаган майдонларга қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермерлар томонидан шоли экилганда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўриш топшириғи берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири