БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ISCAD) билан ҳамкорликда “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизими сиёсатининг устувор йўналишлари” мавзусида семинар ташкил қилди.

“Европа ва Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги тизимларини трансформация қилиш” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ҳамда савдо соҳасида барқарорликни таъминлаш йўналишида техник кўмак бериш каби ғоялар илгари сурилди.

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш ва атроф-муҳитни яхшилаш каби муҳим устувор йўналишлар хусусида фикр алмашилди.

ФАОнинг “Европа ва Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги тизимларини трансформация қилиш” лойиҳаси минтақанинг аграр ва озиқ-овқат тизимларини ўзгартириш, миллий салоҳиятни ошириш, бу борада тегишли манфаатдор томонлар ҳамда вазирликларни жалб қилиш бўйича самарали ишларга қўл урмоқда.

Минтақавий лойиҳанинг асосий мақсади – тармоқлараро мулоқотга кўмаклашиш, мавжуд маълумотларни вазирлик ва тегишли манфаатдор томонлар ўртасида синергик қайта ишлаш имконини таҳлил қилишдан иборат.

Анжуманда аграр ва озиқ-овқат тизимлари афзаллиги ҳақида қўшимча маълумот ва тушунчалар тақдим қилинди. Келгусида ҳам лойиҳа доирасида бу каби долзарб масалалар кўриб чиқилиши таъкидланди.

Б.Худойбердиев, ЎзА