Япониянинг Кобе шаҳрида ўтган пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида дунёнинг 103 та мамлакатидан мингдан ортиқ пара атлетлар иштирок этди.

Унда Ўзбекистон терма жамоаси 7 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза, жами 13 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида Буюк Британия, АҚШ, Германия, Ҳиндистон ва Эрон каби етакчи давлатларни ортда қолдирган ҳолда учинчи ўринни эгаллади.

Мазкур тарихий натижани қўлга киритган пара енгил атлетикачиларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Ушбу нуфузли мусобақада паралимпиячиларимиз дунёга мамлакатимизнинг улкан салоҳиятини намоён қилди. Аждодлари буюк миллатнинг авлодлари ҳам буюк ишларга қодирлигини, юртимиз ёшларининг мардлик ва жасоратда, шижоат ва матонатда, иқтидору истеъдодда ҳеч кимдан кам эмаслигини, аксинча, манаман деган давлат ёшларидан устун эканини исботлади.

– Қизим жаҳон чемпионатига кетиш олдидан албатта олтин медаль билан қайтаман ва ўз рекордларимни янгилайман деб ваъда берганди, – дейди икки карра жаҳон чемпиони Асила Мирзаёрованинг онаси Дилфуза Ҳасанова . – У ваъдасининг устидан чиқиб, юзимизни ёруғ қилди. Асиланинг бу ғалабаси бутун халқимизнинг ютуғи, мамлакатимизда яратилган кенг имкониятлар, ёшларга кўрсатилган меҳр ва эътиборнинг самарасидир. Умид қиламанки, энди Паралимпия ўйинларида ҳам янгидан-янги марраларни забт этади.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиш ва интилишига мос касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши, халқаро майдонларда матонатини, иродасини, жасоратини кўрсатишини таъминлаш доимий эътиборда.

Японияда ўтган пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон спортчиларининг ғалабага бўлган қатъий ишончи, туғилиб ўсган Ватанини баралла мадҳ этишга бўлган интилиши улар кўрсатган натижаларда бутун бўй-басти билан намоён бўлди.

Спортчиларимиз жаҳон чемпионатида эришган ғалабалари билан нафақат мамлакатимиз, балки дунё тарихида яна бир саҳифа очди. Паралимпиячиларимиз шарафига Ўзбекистон номи, мустақил мамлакатимиз мадҳияси баралла янгради, байроғимиз баланд ҳилпиради. Улар қайд этган натижалар, рекордлар, қўлга киритган медаллар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилди.

Хар қандай ғалаба, эришилган натижа таққосланганда янада залворли кўринади. Биргина мисол, пара атлетларимиз 2019 йилда БААда ўтказилган жаҳон чемпионатида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза, жами 8 та медални, ўтган 2023 йил Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган дунё биринчилигида эса 6 олтин, 7 кумуш, 4 бронза жами 17 медални қўлга киритишган эди.

Бу йилги жаҳон чемпионатида 7 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза, жами 13 та медаль эса пара енгил атлетикамиз тарихида унутилмас натижа бўлди. Бу ғалабали одимларимиз эса, албатта пара атлетларимиз сезиларли даражада тажрибалари ошгани ва янги марраларни забт этишга тайёрлигини билдиради.

Спортчиларимиз фақат медалларни қўлга киритибгина қолмай жаҳон рекордларини ҳам янгилаб, ўзларининг улкан салоҳиятга, истеъдодга эга, юраги шижоатга тўла эканини исботлади. Нуфузли мусобақада Нурхон Қурбонова ҳамда Асила Мирзаёрова ўз йўналишларида жаҳон рекордларини янгилашга муваффақ бўлди.

Шуниси аҳамиятлики, Қудратуллахон Маъруфхўжаев F37 классида диск улоқтириш дастурида 54.11 метр натижа қайд этиб, «Париж-2024» ёзги Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри лицензияни қўлга киритди.

Жаҳон чемпионатида Қудратуллахон Маъруфхўжаев ядро ва диск улоқтиришда, Ҳусниддин Норбеков ядро улоқтиришда, Нурхон Қурбонова найза улоқтиришда, Асила Мирзаёрова узунликка сакрашда, Ёқутхон Холбекова узунликка сакрашда ва Сафия Бурхонова эса ядро улоқтиришда олтин медалга эга чиқди.

Бобуржон Омонов ядро улоқтириш, Дилафрўз Аҳмадхонова ядро улоқтириш, Кубаро Ҳакимова ядро улоқтириш, Моҳигул Ҳамдамова диск улоқтириш баҳсларида кумуш медалга сазовор бўлди.

Маъруфжон Муродуллоев 400 метрга югуриш бўйича, Нурхон Қурбонова ядро улоқтиришда бронза медали билан тақдирланди.

– Жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш бахтига ва икки медални қўлга киритишга муяссар бўлганимдан хурсандман, – дейди Қудратуллахон Маъруфхўжаев. – Нуфузли мусобақада шоҳсупага икки бора кўтарилишимда Ўзбекистонга албатта медаль билан қайтишим, ота-онам, устозларим, халқимизнинг ишончини оқлашим керак деган қатъий ишонч менга ҳар томонлама куч-қувват берди. Шунингдек, тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт тадбирига йўлланмани қўлга киритишим мени жуда қувонтирди. Насиб этса, «Париж-2024» Паралимпия ўйинларида ҳам шоҳсупага кўтарилиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келаман.

Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон спортчилари Кобе шаҳри мезбонлигида ўтган жаҳон чемпионатида ўз маҳорати, матонати ва шижоатларини тўла намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Энди пара атлетларимиздан Париж шаҳрида бўладиган XVII Паралимпия ўйинларида ҳам улкан муваффақиятлар кутиб қоламиз.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА