Адлия вазирлиги ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга кўмаклашиш бўйича фаолият олиб боради

329

2024 йил 24 май куни “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

Фармонда Адлия вазирлигининг қўшимча янги фаолият йўналишлари белгиланди. Эндиликда мазкур тузилма аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларини аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этишга кўмаклашади.

Жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқади. Фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатади. Давлат органлари ва маҳаллаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда услубий ёрдам кўрсатади.

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда гап борди.

Адлия бўлимларига 6 та янги вазифа юклатилаётгани қайд этилди. Адлия бўлимлари аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда “Адлия куни” тадбирларини ўтказади.

Бунда олис ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматлари кўрсатиб борилади. Уйма-уй юриш ва “Ҳуқуқий кўмак” акцияларини ўтказиш орқали фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларини бартараф этиш бўйича қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқилади.

“Online-mahalla” платформаси орқали ҳуқуқий масалаларга оид муаммолар ҳал этиб борилади. Аҳолига бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилиши таъминланади ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилади.

Ёшлар, аёллар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ҳақида хабардор қилиб борилади. Туман (шаҳар) ташкилотлари ҳамда маҳалла идораларига ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича услубий ёрдам кўрсатилади.

Тадбирда фармоннинг шу ва бошқа жиҳатлари, ижросини таъминлаш билан боғлиқ масалалар бўйича фикр алмашилди.

Н.Абдураимова, ЎзА