Кўпқаватли биноларнинг зилзилабардошлиги бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? (+видео)

423

Бугун юртимизда қурилаётган кўпқаватли уйлар, осмонга қарасангиз дўппингиз тушадиган даражадаги баланд иморатлар ҳеч кимни ҳайратга солмай қўйди. Кимдир 17-қаватда яшаса, яна ким учундир 25-қаватда яшаш қулай. Албатта, бундай иморатлар замон талабидан, одамлар эҳтиёжидан келиб чиқиб қурилмоқда.

Аммо дунёда содир бўлаётган табиий офатлар, ер силкиниши одамларни анча ҳушёр торттириб қўйди. Энди одамлар янги уй сотиб олишдан олдин унинг мустаҳкамлиги, зилзилабардошлигига қизиқадиган бўлишди. Шу сабабли давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан бино ва иншоотларнинг сейсмик хавфсизлиги ҳамда зилзилабардошлигини таъминлашга қаратилган 18 та ҳужжат имзоланган. Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида қонун қабул қилинди. Соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги, қурилиш механикаси, геотехника, муҳандислик сейсмологияси ва сейсмик хавф каби йўналишларда тадқиқотлар кўламини кенгайтирди, соҳага янгича йўналишлар билан ёндашиш имконини берди.

Фанлар академиясида Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти томонидан «Бино ва иншоотлар зилзилабардошлиги ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш, механиканинг амалий масалалари» мавзусидаги халқаро миқёсда ўтказилган илмий-амалий анжуманда бутун дунёда долзарб бўлиб турган бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги масаласи муҳокама қилинди. Унда юртимиздаги ёш олим ҳамда академиклар, хориждан келган профессорлар, институт ходимлари, талабалар иштирок этди.

— Ўзбекистонда кўпқаватли бинолардан ташқари қўшимча баланд биноларнинг қурилиши айрим одамлар томонидан қизиқарли кутиб олинса, баъзиларда хавотир уйғотди, — дейди Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтининг фазовий иншоотлар динамикаси лабораторияси мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор Муҳаммадали Ўсаров. —Чунки юртимизда мустақилликка эришгунимизгача баланд қаватли бинолар бармоқ билан санайдиган даражада кам бўлган. Асосан 5-9 қаватли бинолар қурилган. Кейинги йилларда бутун дунёда 20-40 қаватли бинолар қурилиши жадал ўсди. Айниқса, Хитой, АҚШ, Корея каби ривожланган мамлакатларда бу жараён анча ривожланган. Бу давр талаби, шу сабабли республикамизда ҳам баланд қаватли бинолар қурилишига астойдил киришилди. Буни назорат қилиш учун Президентимиз ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бир қанча қарорлари чиққан. Мана шу қарорларда институтлар, вазирликлар олдига талай вазифалар юкланган. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, ҳар бир ташкилот, ҳар бир ходим ўзининг йўл хариталарини белгилаб олган. Ана ўша йўл хариталари бўйича бир қанча илмий лойиҳалар амалга ошириляпти.

Шунингдек, тадбир давомида бино ҳамда иншоотлар соҳасида ҳамкорликда ишлаётган ташкилотларнинг бажараётган ишлари муҳокама қилинди. Хориждан келган олимлар ёш олимларни ўзларининг ишлари билан таништириб, тажриба алмашишди.

Н.Раҳмонова, ЎзА