Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Кўрфаз Араб давлатлари қатор нашрлари – Баҳрайн ахборот агентлиги (BNA), Қатарнинг “Ал-Жазира”, Мисрнинг “Еттинчи кун” ва бошқа манбалар Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи билан боғлиқ воқеаларни кенг ёритмоқда. Бир мақолада Тошкент халқаро аэропортида РФ раҳбарини давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев кутиб олгани, олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилгани, фахрий қоровул саф тортгани таъкидланган.
Муаллиф Россия етакчиси Тошкент шаҳрига келгач, Президентимиз ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, анъанага кўра, Мустақиллик монументига гулчамбар қўйганини ёзган.
Икки давлат раҳбарлари музокарани дастлаб тор доирада бошлаб, кейин расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттиргани, мулоқот давомида Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатини, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама қилингани урғуланган.
Ўзбекистонда Бауман номли Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалини очиш бўйича келишувга эришилгани олқишланган.
Музокаралар якунида ҳар бир йўналиш бўйича амалга ошириш механизми назарда тутилган “йўл хариталари” қабул қилиш бўйича кўрсатма берилганига эътибор қаратилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА