“Ипак йўли” жамғармаси Президенти Бухорода

Хитой Халқ Республикасининг “Ипак йўли” жамғармаси Президенти Цай Сюэцзюнь бошчилигидаги делегация Бухорода бўлди.
Делегация вакиллари вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шахриёров ҳамроҳлигида дастлаб “Боқий Бухоро” маданий-этнографик парки лойиҳаси амалга оширилаётган ҳудудни кўздан кечирди.
Меҳмонларга Бухоро аҳолиси учун янада қулай имкониятлар яратиш ва замонавий сервис хизматлар кўрсатилишини таъминлаш мақсадида ҳамда қадимий меъморчилик анъаналарига ҳамоҳанг равишда барпо этиладиган “Боқий Бухоро” маданий-этнографик парки лойиҳаси ҳақида батафсил сўзлаб берилди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари боқий шаҳарнинг тарихий-маданий ёдгорликлари билан яқиндан танишди. Хусусан, қадимий Арабон кўчасидан бошлаган саёҳат давомида меҳмонлар қадимий тоқлар, Пойи Калон мажмуаси, Бухоро гиламчилик маркази, Арк қўрғони, Сомонийлар мақбараси, Лаби Ҳовуз ансамблини ҳайрат ва ҳавас билан томоша қилди. Ҳунармандлар расталари, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, пичоқчилик каби амалий санъат устахоналаридаги қизғин иш жараёнига гувоҳ бўлди.

Меҳмонларга тарихий қадамжолар, ёдгорликларнинг тарихи, ушбу манзилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, тарихий ёдгорликларнинг қайта тикланиб, нафақат республикамиз ҳудудларидан, балки кўплаб хорижий мамлакатлардан ҳар йили ташриф буюраётган минглаб сайёҳлар учун ҳам эътиборга сазовор жойга айланганлиги ҳақида сўзлаб берилди.

Хитой Халқ Республикасининг “Ипак йўли” жамғармаси Президенти Цай Сюэцзюнь Бухородаги маданий мерос объектлари асл ҳолида сақланганлиги, Бухоро айнан бой тарихи, бетакрор маданияти билан жаҳон цивилизациясига катта ҳисса қўшганлигини эътироф этди. Шу билан бирга Бухоро халқининг меҳнатсеварлиги, ижодкорлиги ва меҳмондўстлиги ҳар қадамда сезилиб туришини, бу ерда туризм ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта имкониятлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади. “Ипак йўли” жамғармаси бу борадаги ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Маълумот учун: “Ипак йўли” жамғармаси инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи, савдо ҳамкорлигини ривожлантиришга ёрдам берадиган ва “Битта камар ва битта йўл” ташаббуси доирасида молиялаштириладиган Хитой инвестиция фондидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири