Япония ва АҚШ гипер товушли қуролни тутишга мўлжалланган янги ракета учун 3 миллиард доллар сарфлайди. Ушбу маблағнинг учдан бирини кунчиқар мамлакат ажратади. Бу ҳақда “Киодо” агентлиги Пентагон таркибидаги Ракета ҳужумига қарши мудофаа департаментига таяниб ёзган.
Режага кўра, ракета 2030-йиллар ўрталарида тайёр бўлиши керак. Мазкур лойиҳа икки мамлакатнинг ракета соҳасидаги ҳамкорлиги доирасида эришилган иккинчи келишув ҳисобланади. Аввалроқ бу қудратли давлатлар баллистик ракетани ушлаб қоладиган “SM-3 Block2A” ракетасини шерикликда яратиш ғоясини илгари сурган.
Бу галги ташаббус икки давлат етакчиларининг ўтган йил августдаги келишуви чоғи тасдиқланган. Янги ракета парвоз бошлангандан кейин ажралиб чиқиб, нишонга қараб йўналган жанговар каллакни тутиши лозим. Ракетани топиш ва кузатиб бориш имконини ошириш учун АҚШ юқори аниқликдаги кичик йўлдошлар гуруҳидан фойдаланадиган тизим яратади. Қурилма икки мамлакат ҳарбий кемаларига ўрнатилади.