Тиббиёт хабарлари

Аввал хабар берилганидек, 2-11 октябрь кунлари юртимиз Ўзбекистон – Озарбайжон соғлиқни сақлаш декадасига мезбонлик қилди.

Ушбу декада икки мамлакат ўртасида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтарди. Ўн кун давом этган мазкур акция орқали биринчи навбатда оғир хасталиклардан азият чекаётган, мураккаб операцияларга эҳтиёжи бор 100 дан зиёд беморларда кам инвазив усулдаги юқори технологик операциялар бажарилди.

Ўзбекистон – Озарбайжон соғлиқни сақлаш декадаси доирасида юртимизга меҳмон бўлиб келган Озарбайжон соғлиқни сақлаш вазири Теймур Мусаев Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ҳамроҳлигида пойтахтимизда жойлашган озар халқининг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев номидаги боғга ташриф буюрди.

Шунингдек, декада доирасида пойтахтимизда йирик халқаро анжуман бўлиб ўтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбирда икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари, олимлар ва экспертлар, Озарбайжоннинг етакчи хусусий тиббиёт марказлари ҳамда йирик фармацевтик корхоналар вакиллари, республикамиздаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббий олий таълим муассасалари, ҳудудий тиббиёт масканлари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбир аввалида Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Ўзбекистон – Озарбайжон соғлиқни сақлаш декадаси доирасидаги анжумандаги маърузасида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг тиббиёт йўналишидаги дипломлари ўзаро тан олиниши мумкинлигини таъкидлади.

Анжуман якунида Ўзбекистон – Озарбайжон соғлиқни сақлаш декадаси доирасида ўтказилган жарроҳлик амалиётларида иштирок этган бир гуруҳ озарбайжонлик шифокорлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаккурномалари билан тақдирланди.

***

 

Шунингдек, пойтахтимизда “Тошкентда кузги гепатология мактаби” халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Мазкур тадбир Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вирусология илмий-тадқиқот институти, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази, Ўзбекистон гепатологлар уюшмаси томонидан ўтказилди.

***

Самарқанд шаҳрида эса Ўзбекистон офтальмологларининг учинчи халқаро конгресси иш бошлади.  Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази масъул ходимлари ва юртимиз тиббиёт муассасалари мутахассисларидан ташқари, АҚШ, Германия, Швейцария, Украина, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Арманистон каби мамлакатлардан 1500 дан зиёд офтальмологлар онлайн ва офлайн тарзда иштирок этмоқда.

Тадбир аввалида соғлиқни сақлаш вазири анжуман қатнашчиларига видеотабрик йўллади. Мавзуга доир асосий маърузалардан сўнг бир гуруҳ иштирокчилар тақдирланди.

***

Бухорода ҳам  йирик тадбир – “Шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб муаммолари: ҳудудларда қўшма шикастланишлар ва ўткир юрак-қон томир патологияларида ёрдам кўрсатиш масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Унда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудий филиал ва бўлимлари, туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари масъул ходимлари ҳамда қатор хорижий мамлакатлар мутахассислари онлайн ва офлайн иштирок этди.

Хусусан, анжуман кун тартибидан АҚШ, Германия, Италия, Руминия, Польша, Молдова, Россия, Туркия, Хитой, Озарбайжон, Ҳиндистон ва Ўзбекистондан қатнашган етакчи экспертларнинг 90 дан ортиқ маърузалари тингланди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда шаклланган шошилинч тиббий ёрдам хизматининг инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашдаги ўрни ниҳоятда муҳим. Шу сабабли юртимизда ушбу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Хусусан, шу йил бошидан буён Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида 14 турдаги ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиалида 5 турдаги янги жарроҳлик ва диагностика усуллари амалиётга татбиқ қилинди.

Маърузаларда таъкидланишича, дунёда қайд этилаётган ўлим ҳолатларининг катта қисми юрак-қон томир касалликлари ва уларнинг асоратлари билан боғлиқ. Кейинги ўринни турли жароҳатларга тегишли омиллар эгаллайди.

Ана шу икки гуруҳга мансуб хасталиклар “олтин соат” оралиғида, зудлик билан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда юқори технологияли диагностика ва даволаш усулларидан самарали фойдаланишни тақозо этади.

Бироқ 2021 йилгача бундай беморларга фақат вилоятлар марказларидагина тўлақонли тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Президентимизнинг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ўтган даврда ушбу ҳужжат ижроси доирасида 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари маркази ташкил этилиб, улар 34 турдаги юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланди.

Тегишли тор соҳа мутахассислари билан таъминланган ва 24 соат давомида узлуксиз фаолият кўрсатувчи бундай муассасалар фаолияти натижасида кейинги йилларда беморлар орасида ўлим даражаси 3-5 фоизга камайди.

Яқин келажакда бу каби марказлар сони яна 9 тага кўпайиши кутилмоқда.

***

Айни пайтда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги делегация Германияда хизмат сафарида бўлиб турибди.

Сафар доирасида вакилларимиз Жаҳон соғлиқни сақлаш саммити ҳамда Германия – Шарқий Европа ва Марказий Осиё соғлиқни сақлаш форумида иштирок этиб, маъруза қилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Германия тараққиёт банки, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, “Шарите” клиникаси, “Aesculap“, “Heinemann Medizintechnik”, “Weinmann Emergency Medical Technology”, “Siemens Healthineers“ компаниялари, “Philips”нинг Германиядаги ваколатхонаси, Фрайбург ва Манхайм университетлари ва бошқа қатор муассаса, ташкилот ва тиббиёт олий ўқув юртлари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши кутилмоқда.

 

Моҳигул Қосимова тайёрлади,

ЎзА