Маълумки, биз нафас олаётган ҳавонинг ифлосланишига қурилишлар, автомобиллардан чиқадиган заҳарли газлар билан бир қаторда, энг аввало дарахтларнинг камайиб кетгани ҳам асосий сабабдир.

Дарахтзорлар, янги ўрмонларни барпо этиш ҳаво сифатини яхшилаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳаётий аҳамиятга эга. Science журналининг ёзишича, дарахтзорлар ҳар йили 2,4 миллиард тонна CO2ни ютиб, бизга кислород чиқариб беради. Ўрмонлар ва дарахтзорларнинг фойдаси жуда катта. Жумладан, ҳаво тозалигига таъсири, сув оқимларини тартибга солиш, экотизимларни сақлашда. Сабаби, битта ўрмонзор ичида миллионлаб жонзотлар ҳаёт кечиради ҳамда иқлимнинг салбий ўзгаришлари олди олинади.

Мамлакатимизда ҳам ўрмон фондини муҳофаза қилиш, кўпайтириш, ундан оқилона фойдаланиш, унинг моддий-техника базасини модернизация қилиш, соҳага бозор механизмларини ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Иқлим таъсири тобора кучайиб борар экан, ўрмон хўжаликлари томонидан ўрмонлар майдонини кенгайтириш, қайта тиклаш, ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўшимча тармоқларни ривожлантиришнинг аҳамияти ҳам ортиб бормоқда.

Хусусан, ўрмон фонди ерларида 46 минг 586 гектар майдонда касаллик ва зараркунандаларни аниқлаш ишлари олиб борилиб, жами 21 минг 66 гектар, шундан 19 минг 315 гектар майдонда биологик усулда қарши курашиш тадбирлари олиб борилди.

Жами 356 км ёнғинга қарши оралиқ жойлар, 659 км йўллар, 6426 км ҳимоя чизиқлари ҳамда 16 минг 508 м3 сув ҳавзалари янгидан қурилиб, 2 минг 367 км оралиқ жойлар, 3358 км йўллар, 2592 км ёнғинга қарши ҳимоя чизиқлари, 339 км зовурлар ҳамда 14 минг 471 м3 сув ҳавзалари таъмирланди.

Ўрмон ёнғинига қарши 2 минг 800 дан зиёд тушунтириш ва огоҳлантириш ишлари олиб борилиб, ўрмон ёнғинларини содир этмаслик бўйича янги 1500 га яқин огоҳлантирувчи баннерлар жойлаштирилди.

Шунингдек, ўрмон хўжаликлари томонидан жами 200 минг гектар, шундан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида 128 минг, Бухоро вилоятида 40 минг, Навоий вилоятида 17 минг, Хоразм вилоятида 10 минг ва ўрмон фондининг бошқа ҳудудларида 5 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларни барпо қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари бажарилди.

Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари дала четларида 2 минг гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этилди. Ўрмон барпо қилиш, кўчатхоналар ташкил этиш ҳамда кўкаламзорлаштириш тадбирлари учун 980 тонна дарахт ва бута уруғлари жамғарилди.

Тупроқ-иқлим шароитига мос манзарали, мевали дарахт ва буталар турларидан 650 гектар майдонда ниҳолхона, кўчатхоналар ташкил этилди.

Ўрмон хўжаликларида 70 турдаги иқлим шароитига мос дарахт ва буталарнинг кўчатларини етиштириш йўлга қўйилган. Натижада жами 101 миллион дона, шундан, 32 миллион дона тут, 16 миллион дона терак ва павловния, 53 миллион дона бошқа турдаги манзарали, мевали дарахт ҳамда буталарнинг ниҳол ва кўчатлари етиштирилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жами 347 гектар майдонда “яшил боғлар”ни барпо этиш белгиланган. Бугунги кунга қадар маҳаллий кенгашларнинг жами 134 та “яшил боғлар” барпо этиш учун ер ажратиш бўйича тегишли қарорлари қабул қилинган.

Ҳудудларда барпо этиладиган “яшил боғлар”ни белгиланган талаблар асосида ташкил этиш мақсадида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича “Яшил лойиҳа” лойиҳалаш институти билан шартномалар тузилди.

Ҳозирда “Яшил лойиҳа” лойиҳалаш институти томонидан Андижон, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилояти туман ва шаҳарларида “яшил боғлар” барпо этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказилди.

Аммо бир салбий жиҳат борки, бу йўналишда қилинаётган барча ишларни йўққа чиқаради. У ҳам бўлса – шаҳарлардаги дарахтларни кесиш. Дарахтзорларни асрамасак, хоҳлаган одам уларни баъзан очиқдан-очиқ, баъзан яширин тарзда кесиб кетаверса, бир миллиард дона кўчат экканнинг ҳам фойдаси бўлмайди.

Яна бир масала – экилаётган дарахтларнинг ўсиши ва ривожланиши учун қулай шароит яратиш. “Яшил макон” ва бошқа шу каби лойиҳалар доирасида экилган дарахтлар, шунингдек, ўрмон хўжаликлари томонидан барпо этилаётган ўрмонзорларни ўстириш учун суғориш тизимларини ташкил этиш, дренажлаш, эрозияга қарши курашишга қаратилган тизимли мелиоратив ишларни олиб бориш кутилган натижани беради.

Гулноза Бобоева, ЎзА