11-13 октябрь кунлари Самарқандда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (СIСA) Ёшлар кенгашининг олтинчи йиғилиши ва унинг доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Халқаро форум Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда Бирлашган Миллатлар ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Бугун “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида мазкур тадбирларнинг очилиш маросими ва дастлабки ялпи йиғилиш ўтказилди.

Мазкур кенгашга аъзо ва кузатувчи 20 дан ортиқ давлатдан ёшлар сиёсатини амалга оширишга масъул бўлган давлат органлари ва жамоат ташкилотлари, ўқув юртлари вакиллари, халқаро экспертлар бевосита, шунингдек, ўнга яқин мамлакат ёшлар сиёсати мутасаддилари йиғилишда онлайн иштирок этди.

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш бош котиби Кайрат Сарибай ёшлар кенгашининг Самарқанддаги олтинчи йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги ёш лидерлар форуми ва илк бор ташкил этилаётган «Алодлар мулоқоти» тадбирлари 2022 йил 13 октябрь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган ташаббус асосида ўтказилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, улар бу галги форум замонамизнинг долзарб муаммоларини ёшлар манфаатлари нуқтаи назаридан ўрганиш, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик, ижтимоий ривожлантириш, илм-фан, таълим ва меҳнатни муҳофаза қилиш, атроф-муҳит мусаффолиги ва инсон саломатлигини сақлаш, маънавий-ахлоқий қадриятларни асрашга қаратилганини қайд этиб, иштирокчиларни бу тадбирларда фаол иштирок этишга чақирди.

Ўзбекистон ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов ҳамда вазир ўринбосари – Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев ўз сўзида мамлакатимизнинг ёшларга оид давлат сиёсати ва бу борадаги қонунчиликнинг такомиллаштирилаётгани, йигит-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар.

Шундан сўнг кенгаш аъзолари ва халқаро экспертлар бугунги кунда дунё миқиёсида ёшларга оид қонунчилик, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритиб, ўзаро фикр алмашдилар.

– Аввало, Ўзбекистонда мазкур тадбирга жуда катта тайёргарлик кўрилганини таъкидламоқчиман ва меҳмондўстлик учун ўзбекистонлик дўстларимизга раҳмат, – дейди Россия Федерацияси ҳукумати қошидаги Молия университети декани ўринбосари Даря Осинина. – Бундай тадбирлар бугун ёшларнинг жамиятдаги ўрнини янада ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни биргаликда ҳал этиш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга ёрдам беради. Бугун кенгашнинг йиғилишида кўплаб давлатлар вакиллари билан фикрлашиб, ўзаро тажриба алмашдик. Кўп йўналишларда бир-биримиздан ўрганадиган томонлар бор экан. Эртага тадбирлар доирасида Ўзбекистон ва Россия ёшлар форуми ўтказилади. Бу тадбирда ҳам ўз ташаббус ва таклифларимизни илгари сурмоқчимиз. Фурсатдан фойдаланиб, тадбир қатнашчиларини 2024 йил февраль ойида Россияда ўтказиладиган бутунжаҳон ёшлар форумига таклиф этдик.

Куннинг иккинчи ярмида форум иштирокчилари Ўзбекистон Президенти ташаббуси асосида ташкил этилган илк «Авлодлар мулоқоти»да иштирок этди. Унда ўзбекистонлик таниқли инсонлар, зиёлилар ва сиёсатчилар ўз ҳаётий тажрибалари ҳақида ёшларга сўзлаб берди, улар билан самимий мулоқот қилди.

Ёшлар кенгашининг йиғилиши доирасида эртага ёш лидерлар форуми, Ўзбекистон ва Қозоғистон ёшлар конгресси, Ўзбекистон ва Россия, Ўзбекистон ва Озарбайжон ёшлар форумлари ўтказилиши кўзда тутилган.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари