Ифтихор

Ҳозиргина бир инсонни аэропортга кузатиб, “Ўзбекфильм”даги хонамга келиб, ушбу фикрларни ёзишга қарор қилдим. Кузатган меҳмоним – кечаги ва бугунги дунё, хусусан, Европа киноси, саньати, маданияти, керак бўлса, жамиятининг қарашларини ўзгартирган ва ўзгартиришга қодир санъаткор, жаҳондаги энг залворли кинофестиваллардан бири “Канн”нинг 2 карра  ҳақиқий “Олтин пальма япроғи” мукофоти совриндори (жаҳонда ундан кўпроқ ҳеч ким олмаган), Венеция кинофестивалининг “Олтин Шер” , “Берлин Айиғи”, Европанинг  “Сезар” ва яна ўнлаб  мукофотлар соҳиби, Франция ва Италия республикаларининг ҳақиқий қаҳрамони ЭМИР КУСТУРИЦА эди.

Энди бир бошидан бошласам.

Мен 2000 йилда у пайтдаги Тошкент саньат институтининг Кино-телевидение режиссёрлиги бўлимига ўқишга кирдим ва кўз ўнгимда янги дунё – сеҳрли кино олами очила бошлади. Институтдаги устозларим Шуҳрат Аббосов, Маҳкам Муҳамедов, Улуғбек Зуфаров, Жўра Тешабоевлар мени ушбу ажиб ва сеҳрли дунёга олиб кира бошлашди. Бирлари сенинг ақлинг етади, Достоевскийнинг “Телба”сини ўқи, деди ва мен ушбу асарга мафтун бўлиб адибнинг бошқа асарларини ҳам ўқиб чиқдим. Бирлари Эмир Кустурицанинг “Андеграунт” фильмини кўр, деди ва мен бу фильмга ҳам мафтун бўлиб, Кустурицанинг барча фильмларини кўриб чиққанман.

Бир кун келиб ғойибона устозим, деб билганим – довруғли режиссёрни Қозон кинофестивалида кўришим мумкинлиги хаёлимнинг бир бурчагига ҳам келмаган эди. Меҳмонхона тамаддихонасида тунги  соат 3 гача “Пуанкаре” фильмимни унга кўрсатишим, фильмнинг унга жуда ёқиши ва мени ўзининг Европада бўладиган кинофестивалига расмий чақириши, уни Ватанимда бўлаётган 15-Тошкент халқаро кинофестивалига чақиришим, Тошкент ва Самарқандда 2 кун давомида у билан бирга дунё кино саньатидаги оддий масалалардан тортиб, инсоният учун глобал муаммоларгача бўлган масалалар ҳақида суҳбатлашиб чиқишим, уни уйимда меҳмон қилишим, у билан Самарқанд ва Тошкентни тунда яёв сайр қилишимиз…

Ҳа, айнан шу сайрларда, аниқроғи, тунда Тошкент Ситини сайр қилаётганимизда, у билан “Ҳилтон” меҳмонхонасидан аэропортгача бўлган кўчалардан кетар чоғимизда сарлавҳадаги сўзлар бот-бот кўнглимга келди.

Қозон кинофестивалидан қайтганимиздан кейин мен унинг продюсери Мирко Радинович билан Тошкентга келиши тўғрисида бир неча бор суҳбатлашганимда, “Ўзбекистонга келсангиз, бизда у бор, бу бор…” деб роса мақтамоқчи бўлсам, у менга: “Музаффар, азизим, менинг ёшим 62 да, Эмирники 69 да, бизни ҳайратга сололмайсан, биз ҳамма нарсани кўриб бўлганмиз“, дерди. Лекин Аллоҳнинг қудратини қарангки, Тошкентдаги тунги сайрда у ва Эмир ўз ҳайратини яширишолмасди. “Тошкент Париждан, Дубайдан ҳам зўр-ку!” дейишдан чарчамасди. Буюк режиссёр кета-кетгунча шу гапни такрорлайверди.

Ваҳоланки, Эмир Кустурица шахсини билган инсонлар амин бўладики, бу инсонни ёлғон ёхуд “мажбурлатиб” гапиришга ҳар қандай бойлик, ҳар қандай илтифот мажбур қила олмайди. Мен бошида уларни видеога олиб, бу гапларга унча эътибор бермадим. Бирдан ақл-у шууримга ярқ этиб ўйлар келишни бошлади. Энди уларнинг нигоҳи билан Тошкентимизга назар сола бошладим. Шунда мен уялдим, ўз-ўзимдан, ўзимиздан уялдим… Наҳотки, ўзгалар кўраётган, англаётган нарсаларни биз кўрмаяпмиз, биз англамаяпмиз?!

Азиз ёшлар, Ватандошлар! Кўзларимизни каттароқ очайлик, атрофимизда нималар бўлаётганини англайлик. Ахир ўзимиз йиллар давомида ҳавас қилаётган ўзга давлатлардан ўзиб кетган жойларимиз ҳам бор экан-ку. Нега шуни тушунгимиз келмайди, нега ўзгаришлар ҳақида бонг урмаймиз, кимдир гапиришни бошласа, маддоҳга чиқарамиз, нега ҳақиқатни тан олгимиз келмайди, нега ҳадеб нолийверамиз, нега кечамизга ва бугунимизга боқмаймиз, нега фақат ўз ВАТАНИдаги  камчиликларни кўраётган кишиларни ”ватанпарвар”га чиқариб, у билан керак бўлса, қўшилиб айб излаймиз? Нега? Нега? Нега?..

Наҳотки, ичимизда – қалбимизда яхшилик нури шунчалар камайиб кетган бўлса?!

Бу сўзларни кўзимда ёш, қалбимда оғриқ билан ёздим. (Бу ҳам айримларга муболаға туюлар, майли айтишганидек, “жиннига, жиннилигини исботлаб бўлмайди”.)

Буларни ёзишга мени ҳеч ким мажбур қилмади, балки шу ўйларимни ўқиган ИНСОН виждонан атрофига бир назар ташлар, деган ўйда ёздим.

Абдулла Орипов «Қуёш шаҳри» шеърида таърифлаганидек:

...Ўзбекка мақтаниш одатмас, гарчанд,

Бағримни тўлғазар ушбу кун ғурур:

Тошкенту Бухоро, Хевоқ, Самарқанд,

Ҳар бири жаҳоннинг безаги бўлур….

 

Раҳмат сенга “Тошкент кинофестивали”! Раҳмат сизга Эмир! Раҳмат Сизга Шавкат Миромонович!

                                                                          Музаффар Эркинов,

кинорежиссёр. ЎзА