10–11 октябрь кунлари Самарқандда нотариат соҳасига бағишланган икки босқичдан иборат халқаро конференция ўтказилди.

Ўзбекистон Нотариал палатаси ва Халқаро нотариуслар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияларда “Нотариат соҳасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш” ҳамда “Рақамлаштириш даврида нотариатнинг ўрни” мавзулари 40 га яқин мамлакат нотариат тизимлари вакиллари иштирокида муҳокама этилди.

Жумладан, нотариатнинг рақамлаштирилишига оид бугунги муҳокамада иштирокчилар ўз фаолияти мисолида тажрибалари билан ўртоқлашди.

Озарбайжон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Заур Гасановнинг таъкидлашича, ушбу давлатда нотариат электрон тизимини ташкил этиш 2007 йилда бошланган, аммо 2016 йилда “Мобиль нотариат” ишга туширилган.– Бу тизимнинг қулайлиги шундаки, фуқаро уйда ўтириб ундан фойдаланиши мумкин, – дейди З.Гасанов. – Бунинг учун у “Мобиль нотариат” иловасини юклаб олиб, саноқли дақиқаларда ҳужжатни расмийлаштириш, тўлов қилиш ва олиш ҳаракатларини амалга ошира олади. Ҳозирда бу иловага 700 мингдан зиёд аҳоли уланган ва фойдаланувчилар сони кундан кунга ошиб бормоқда. Шунингдек, бизда “Fastest” тезкор хизмати ишга туширилган. Яъни йирик шаҳарларда ўрнатилган кабиналарга кирган мижоз Адлия вазирлигига қўнғироқ қилади. Қўнғироққа уланган нотариус фуқаронинг мурожаати бўйича ҳужжатни тайёрлаб, тасдиқлаб беради. Ҳужжатни расмийлаштириш 5-10 дақиқа вақт олади. Ҳужжат нотариат архивида сақланади.

Россия Федерацияси Федерал нотариал палатаси президенти Константин Корсикнинг қайд этишича, ушбу давлатда ҳам рақамли нотариат лойиҳаси бир неча йилдан буён муваффақиятли амалга оширилмоқда. “Бир дарча” тамойили асосида хавфсиз ва қулай тизим, рўйхатга олиш идораларига нотариусларнинг бириктирилиши, ҳуқуқий ҳужжатларнинг рақамли форматда тузилиши ва нотариатнинг онлайн хизмат кўрсатиши – буларнинг барчаси Россия нотариатининг IT йўналишидаги фаолиятининг асосини ташкил этади. Шу ва бошқа қулайликлар туфайли бугун ушбу давлатда фуқаролар нотариал хизматдан масофадан туриб ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.

Конференцияда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Аюбхон Юнусов бугунги кунда хориждаги жисмоний ва юридик шахсларга нотариал хизмат кўрсатиш ваколати нотариуслар билан бирга Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига ҳам юклатилганини таъкидлади.

– Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси консуллари 15 турдаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади, – деди А.Юнусов. – Улар томонидан 2022 йилнинг ўзида 12,5 мингдан зиёд нотариал ҳаракатлар амалга оширилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида эса бу рақам 6700 дан ортиқни ташкил этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Нотариал палата ўртасида меморандум имзоланган ва бундан кўзланган асосий мақсад консуллар томонидан хорижда вақтинча яшаётган ҳамюртларимизга кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифатини оширишдан иборат.

Литва нотариал палатаси президуми аъзоси Даиниус Палайманинг қайд этишича, 2021 йил 1 июлдан жорий йилнинг 1 сентябрига қадар 40 мингдан ортиқ масофавий нотариал ҳаракатлар электрон тизим орқали амалга оширилган. Ҳозирда ойига ўртача тўрт мингга яқин масофавий нотариал ҳаракатлар бажарилади. Бунда мулкни бегоналаштириш ва гаровга қўйиш бўйича битимлар энг кўп, иккинчи ўринда ишончномалар ва меросга оид ишларни расмийлаштириш туради.

– Бизда ҳам рақамлаштиришга жуда катта эътибор берилмоқда, шу билан бирга эҳтиёткорона ёндашяпмиз, – дейди Венгрия нотариал палатасининг халқаро алоқалар бўйича директори Тамас Сажбен. –Рақамлаштириш жараёнида “рақамли ўлим”, “рақамли мерос” каби жумлалар пайдо бўлади. Виртуал ҳаётда сиз ўзингизнинг иккинчи ҳаётингизни яшаб, электрон ҳамёндан фойдаланиб, ҳаёт кечиришингиз мумкин. Бу ўринда фуқароларнинг виртуал ҳаётдаги шахсий маълумотлари, хусусий мулки, интеллектуал мулкини ҳимоя қилиш масаласи келиб чиқади. Рақамли меросни фуқаро ўз авлодига мерос қилиб қолдириши мумкин. Биз Ўзбекистондаги сингари фуқаролик кодекси асосида ишлаймиз.

Конференция доирасида иштирокчилар Самарқанддаги тарихий-маданий ёргорликлар ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари