Фармацевтика тармоғининг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш замон талаби. Донор қонидан дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, фармакологик воситалар ва дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш мақсадида тармоқдаги айрим чекловларни бекор қилиш зарурати ҳам бор.

Шунингдек, дори воситаларини ва фармацевтика маҳсулотларини рўйхатдан ўтказиш шартларини қайта кўриб чиқиш ҳам зарур. Шу мақсадда “Фармацевтика фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилган.

Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонун юзасидан Сенат Раиси Танзила Норбоева ўз муносабатини билдириб, аҳолининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжи, айниқса, сифатли қон компонентларига бўлган талаб йилдан-йилга ортиб бораётганини таъкидлади. Тиббиётимиз ривожланиб, мураккаб жарроҳлик, хусусан, ноёб трансплантация амалиётлари мамлакатимизнинг ўзида амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, қон ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлаш ҳажмларини оширишни тақозо этиши табиий. Биргина мисол, ССВ маълумотига кўра бугун битта жигар трансплантацияси учун 30 литргача қон плазмаси зарур бўлар экан.

– Қонун билан донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлашни хусусий тартибда амалга оширишга бўлган тақиқ бекор қилинаётгани, яъни ушбу соҳа давлат монополиясидан чиқарилаётгани ниҳоятда муҳим, – деди Т.Норбоева. – Бироқ, шуни ҳам айтиш керак, қон ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлашнинг қатъий ва ўзгармас махсус стандартлари бўлиши шарт. Зотан, бу оддий иш эмас. Айниқса, бугунги кунда қон билан юқадиган турли касалликларнинг мавжудлиги бу борада ниҳоятда катта масъулият, юксак малака ва синчковликни талаб қилади. Соҳага хусусий секторни жалб қилишда айнан ана шу жиҳатларга ҳам эътиборни кучайтириш зарур. ССВ бу борада зарур чоралар кўрилишини таъминлаши шарт. Боиси белгиланаётган мазкур нормаларнинг таг замирида инсон саломатлиги турганини унутмаслик керак.

Сенаторлар маъқуллаган қонун қон препаратларига бўлган эҳтиёжни маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан қоплашга, дори воситаларининг янги турлари ишлаб чиқарилишини таъминлашга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА