Биз ҳозир глобал рақамли дунёда – атроф интернет, медиа ва инсон онгига бемалол кириб борувчи кучли технологиялар билан тўлган замонда яшаяпмиз. Бу хатарни тўғри қабул қилишимиз ва табиийки, ёшлар онгини муҳофаза қилиш чоралари ҳам шунга муносиб бўлиши керак.

Сабаби ёшларимиз орасидан 5 карра жаҳон чемпионини енгиб, дунёнинг энг ёш шахмат қиролига айланган Нодирбек Абдусатторовдек ёшларимиз ёки вақтининг аксарият қисмини Tik-Tokда ўтказаётган ёхуд чекиш, ичкилик, беҳаё нарсаларга берилиб кетаётган ёшлар ҳам чиқиб қоляпти.

Аҳолининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қиладиган бизнинг каби мамлакатларда миллий қадриятлар асосида ёшлар онгини шакллантириш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ахир, бир неча йилдан сўнг улар катта ҳаётга қадам қўйиб, келгусида жамиятимизнинг қайси тарафга ўзгаришини белгилаб беради. Тўғри тарбия топган авлодни эса Ватанга дахлдорлик, бирлик, масъулият каби туйғулар жипслаштиради. Ватанпарварлик ҳисси ва фуқаролик масъулияти ҳар кимнинг билими, қадриятлари, ҳис-туйғулари, хулқ-атворида намоён бўлади.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсатининг асосий мақсадларидан биридир. Ушбу йўналишда бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Ёшлар ишлари агентлиги ва яна бир қатор тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг мафкуравий билимларини юксалтириш мақсадида “Амир Темур издошлари” ҳарбий-ватанпарварлик спартакиадаси ўтказилди. Унинг доирасида “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси, “Ёшлар ва қонун” ҳуқуқий танлови, “Ёш қутқарувчи” мусобақаси, “Тўмарис издошлари” танлови, “Шунқорлар” муcобақасининг “мактаб – туман (шаҳар) – вилоят – республика” босқичлари ташкил этилиб, 1 миллионга яқин ёшлар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириқлар ва кўрсатмалардан келиб чиқиб, республика миқёсида барча ҳудудларда ҳар чоракда 10 кунлик махсус дастур асосида “Жасорат мактаби” ҳарбий-ватанпарварлик йиғинлари ўтказилиши режалаштирилган. Бугунги кунга қадар республика миқёсида жами 32 маротаба ҳарбий-ўқув йиғинлари ўтказилиб, улар доирасида 3 минг 78 нафар хулқ-атвори оғир бўлган ёшлар соғломлаштирилди, уларнинг бандлиги таъминланди.

Хусусан, Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Газнон маҳалласида яшовчи Асадбек Умаралиев кўчада ишсиз бўлган. Майда безорилик қилиб, ички ишлар органларининг профилактик ҳисобига олинган.

Наманган вилоятидаги ҳарбий қисмда ташкил этилган “Жасорат мактаби” лойиҳасига жалб этилиши натижасида у тўғри йўлга кирди. Маҳаллада ҳақиқий лидер бўлди, Газнон маҳалласининг ёшлар етакчиси лавозимигача тайинланди. Шунингдек, Наманган давлат университетининг спорт факультетига ўқишга кирди.

Жиззах вилояти Зафаробод тумани Чўлугулустон маҳалласида яшовчи Суннатбек Очилов жиноятга мойил ёшлар тоифасида бўлган. 2022 йил Жиззах вилояти гарнизонида ўтказилган “Жасорат мактаби”нинг учинчи мавсумида иштирок этган. Ёш тадбиркорлар гуруҳида таҳсил олиб, йиғиндан сўнг Микрокредитбанкдан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олган. Ҳозирда тумандаги IT марказини ташкил этди ва ўз фаолиятини йўлга қўйиб, бандлиги таъминланди.

Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ҳамда қатор вазирлик, идоралар ҳамкорлигида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да 7 кунлик алоҳида дастур асосида “Ватанпарварлар” тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳини ташкил этиш йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг июнь ойида оромгоҳга старт берилиб, бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий вилояти, Самарқанд вилоятидан келган 1 минг 200 нафар ёшга алоҳида дастур асосида машғулот, тренинг ва семинарлар ўтказилди.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳозир ўта муҳим вазифалардан биридир. Ёшлар таълим, илм-фан, спорт, маданият ва бошқа соҳалардаги фаолияти ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун қонун ҳужжатларига риоя этилиши таъминланиши лозим.

Ёшларни турли ахборот хуружлари, радикал ғоя ва ёт мафкуралардан ҳимоя қилиш, ёш авлодни Ватан манфаати йўлида бирлаштириш, мамлакатимиз тарихини ва миллий қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, диний бағрикенглик ва инсонийлик туйғуларини шакллантириш чораларини кўришга хизмат қилади.

Бу ҳаракатлар ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ўз қобилиятини ишлатишга ёрдам бериш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган ёшларга кўмаклашишга қаратилган ишларни ўз ичига олади.

Ёшлар – бизнинг энг қиммат миллий бойлигимиз. Шундай экан, уни асраш учун бор кучларни максимал даражада сафарбар этиш лозим. Ватанга садоқатли ва фуқаролик масъулиятини англаган авлод кучли жамият демакдир.

Олий мақсад эса битта – жамиятимизда билимли, соғлом, меҳнатсевар ёшлар, ишбилармон тадбиркорлар, меҳрибон ота-оналар ва фаол фуқаролар авлодини шакллантириш.

Гулноза Бобоева, ЎзА