Бугун пойтахтимиздаги Киночилар уйида “Ипак йўли дурдонаси” XV Тошкент халқаро кинофестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан ташкил этилган матбуот анжуманида Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов “Ипак йўли дурдонаси” XV Тошкент халқаро кинофестивалининг аҳамияти ва унинг халқаро алоқаларни мустаҳкамлашдаги ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тадбирда қайд этилганидек, ушбу кинофестиваль Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги қарорига асосан қайта тикланган.

Фирдавс Абдухолиқов ўз нутқида Президентимиз томонидан кино санъатининг равнақига алоҳида эътибор қаратилаётгани сабабли миллий кинематографиядаги ўзгаришлар бугун ўз самарасини бераётганига урғу берди.

–Президентимизнинг шахсий ташаббуси билан Киночилар уйи таъмирланди, “Ўзбекфильм” концерни реконструкциядан сўнг янгича қиёфа касб этди. Хориждан энг замонавий техника воситалари келтириляпти. Қисқа вақт ичида “Ренессанс кино уйи” қад ростлади, кино фонди қайта тикланди, мумтоз ўзбек фильмлари хориждан Ватанимизга қайтмоқда. Агар биргина 2016 йилда агентлик буюртмасига биноан еттита бадиий фильм суратга олинган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 30 дан ошади. Ажратилган маблағлар миқдори ҳам беш баравар ортди. Куни кеча Хоразм вилоятида Худойберган Девонов номидаги кинотеатр очилди ва киношаҳарча барпо этилди. Мамлакатимиз раҳбарининг яна бир ёрқин ташаббуси – икки йил муқаддам Тошкент кинофестивалининг тикланиши бугунги кунда Ўзбекистон маданий ҳаётининг том маънодаги тимсоли бўлмоқда, – деди Ф.Абдухолиқов.

Матбуот анжуманида кинофестиваль иштирокчилари ва дастури ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, кинофестивалда дунёнинг 52 давлатидан 300 нафарга яқин киноижодкор, актёр ва актриса, режиссёр ва оператор, продюсер ва таҳлилчи иштирок этади. Шунингдек, унинг дастуридан “Кино 5 кунда”, “Миллий кино”, “Марказий Осиё киноси” танловлари, 100 дан ортиқ тадбирлар, тақдимот ва намойишлар, давра суҳбатлари ва маҳорат дарслари ўрин олган.

Эътиборлиси, бу йилга кинофестиваль дунё киносининг таниқли намояндалари иштироки билан янада қизиқарли бўлади. Унда Сами Насери, Фредерик Дифенталь (Франция), Эмир Кустурица (Сербия), Федор Бондарчук (Россия), Кшиштофф Занусси (Польша), Паула Карруэга (Аргентина) сингари дунё киносининг машҳурлари қатнашади.

Куннинг иккинчи ярмида расмий очилиши кутилаётган ушбу нуфузли кинофестиваль тадбирлари, кино намойишлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Урганч сингари йирик шаҳарларда ташкил этилади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА