Педагогнинг ўз касбий фаолиятини амалга ошириши чоғида унинг касбий фаолиятига аралашиш мумкин эмас.

Педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, куз-қиш даврида ва ишланмайдиган байрам кунларида таълим ташкилотида навбатчиликка жалб этиш, педагогнинг зиммасига товарлар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан, лавозим маошидан унинг розилигисиз товарлар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш тақиқланади.

Бу меъёрлар Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган  “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топган.

Мазкур қонун асосида педагогларнинг ўз касбий фаолиятини юритиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланади. Ҳуқуқлари амалга оширилиши учун кафолатлар берилиши орқали Ўзбекистон Республикасида педагогнинг мақоми тан олинади.

Қонунда педагоглар ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун уларнинг ҳуқуқлари қатъий белгилаб қўйилмоқда.

– Биз бугун бир миллат, бир давлат бўлиб ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга эришишда айнан таълим-тарбия стратегик аҳамиятга эга, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Бугунги кунда мамлакатимиздаги мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим муассасаларида жами 640 минг нафардан зиёд ўз ишининг жонкуяри бўлмиш педагоглар фаолият олиб бормоқда. Қонун биринчи навбатда ана шу миллат фидойиларининг ҳақ-ҳуқуқларини, жамиятдаги обрў-эътиборини юксалтиришга, қолаверса, улар орқали миллионлаб фарзандларимизни қамраб олган таълим даргоҳларида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга, таълим-тарбия сифати ошишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, қонунда педагогик этика қоидалари, педагогларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларнинг аттестациядан ўтиши ва малака тоифалари олишлари белгиланмоқда. Педагогик этика қоидалари таълим ташкилотлари учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.

Яна энг муҳим жиҳатлардан бири –  педагогнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича қоидалар мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, педагогларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари назарда тутилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун келгусида педагогнинг жамиятдаги мақомини юксалтириш, унинг фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва касбий камол топиши учун шароит яратиш ҳамда ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга хизмат қилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА