“Uzbekistan airways” коррупцияга сабаб бўладиган, очиқ-ойдин кўриниб турган бўшлиқдан манфаатдорми?

Сенат ялпи мажлисида сенаторлар ҳудудларда олиб борган ўрганишлари давомида аниқланган камчиликлар, фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларга тўхталиб ўтди.

Хусусан, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов мурожаат асосида “Uzbekistan airways” акциядорлик жамиятига қарашли авиакассалар фаолияти билан боғлиқ айрим муаммолар ўрганилганини айтиб ўтди.

Авиачипта сотишда эскирган бюрократик усуллар ҳамон сақланиб қолаётгани қайд этилди. Хусусан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг 2015 йил 25 октябрдаги 75-сон буйруғи билан тасдиқланган йўриқнома эскирган. Ундаги тегишли нормаларнинг такомиллаштирилмагани фуқаролар учун ўринсиз, мантиқсиз тўсиқларни юзага келтирмоқда.

Мазкур йўриқноманинг тегишли бандига мувофиқ, агар фуқаролар “Uzbekistan airways”га қарашли кассалардан ўз яқинлари учун авиачипта сотиб олмоқчи бўлса, улардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилинади. Паспортнинг асл нусхасини тақдим этмаган фуқароларга эса авиачипта сотилмаяпти.

Оқибатда, бу ҳолат, айниқса, яқинлари бошқа вилоятларда яшаётганлар учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Шу боис, йўловчиларнинг ҳақли эътирозлари кўпаймоқда.

Ҳолбуки, “Uzbekistan airways” акциядорлик жамиятининг uzairways.com/uz сайти орқали онлайн тарзда фуқаролик паспортининг серия рақами ва амал қилиш муддатларини кўрсатган ҳолда авиачиптани қонуний асосларда сотиб олиш имконияти мавжуд.

Табиий савол туғилади: агар шундай имконият бўлса, нима учун “Uzbekistan airways”га қарашли кассалардан ўз яқинлари учун авиачипта сотиб олмоқчи бўлган шахслардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилинмоқда?

Нима учун юқорида қайд этилган йўриқномага паспортнинг серия рақами ва амал қилиш муддатларини кўрсатган (паспорт нусхаси орқали) ҳолда авиачиптани сотиб олиш мумкинлиги тўғрисидаги қоида киритилмаган?

Зеро, авиакомпаниянинг веб-сайти ёки мобил иловаси орқали мустақил равишда зарур шахсий маълумотларини киритиб авиачипта сотиб олган фуқаро давлат чегарасини кесиб ўтишда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан керакли база орқали текширилади ва маълумотлар нотўғри киритилганлиги аниқланган тақдирда, давлат чегарасини кесиб ўтишига рухсат берилмайди ва масъулият фуқаронинг ўзида қолади.

Табиийки, бундай ҳолатлар авиачипталар савдосидаги коррупцияга ҳам сабаб бўлмоқда, фуқароларга енгиллик бериш ўрнига фақат ташвиш ва қийинчилик келтирмоқда.

Сенат томонидан 2021 йил 19 мартда “Uzbekistan airways” акциядорлик жамиятига юқорида қайд этилган муаммони ҳал этиш учун йўриқномага тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан мурожаат қилинган. Сўров юзасидан берилган жавобда “ушбу муаммони бартараф этиш чоралари кўрилаётганлиги” маълум қилинган.

– Афсуски, бундан қарийб икки йил олдин аниқланган ва сўровда кўрсатилган муаммолар ҳозир ҳам ўз ечимини топмаган, – деди – Қ.Бурхонов. – Қолаверса, Транспорт вазирлигига сенатор мурожаати такроран йўлланган ҳам. Ажабланарлиси, 2023 йил 23 июнда “Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари имзоси билан Сенатга йўллаган жавобида ҳеч бир асоссиз бу муаммони ҳал қилиш имконсиз экани маълум қилинган. Наҳотки, фуқаролар эътирозига ҳамда коррупцияга сабаб бўладиган, очиқ-ойдин кўриниб турган бўшлиқни бартараф этиб бўлмаса!?

Н.Абдураимова, ЎзА