Бугун – 2023 йил 29 сентябрда Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг қирқ бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Сенаторлар, Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этаётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда.

Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис кун тартибига ўнта масала киритилган.

Шундан еттитаси қонунлар бўлиб, улар орасида  “Педогогнинг мақоми тўғрисида”, “Фармацевтика фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”, “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш соҳасига хусусий сектор жалб қилиниши муносабати билан “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида қонунийликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан “Прокуратура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”, “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизими шакллантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосарини сайлаш, Сенат Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш, Олий суд таркибига ўзгартишлар киритиш тўғридаги масалаларни кўриб чиқади.

Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида сайтимизда таништириб борамиз. Бизни кузатиб боринг!

Н.Абдураимова, ЎзА