“Маъмурий ислоҳотлар доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да тиббиёт олий таълим муассасалари ҳамда тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш муассасалари учун уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан симулятор ускуналарини харид қилиш вазифаси белгиланган.

Шунга мувофиқ, тиббий олий таълим муассасаларида ушбу ускуналарни ўртаниш ишлари олиб борилмоқда.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура босқичлари талабаларининг назарий ҳамда амалий билим-кўникмалари инсон омилисиз, махсус робот-симуляторлар орқали баҳоланади.

– Талабалар клиник имтиҳонлардан ўта олса, шифокор бўлиб ишлашига рухсат берилади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги илм-фан ва таълим бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмоилов. – 2024/2025 ўқув йилидан барча давлат ва нодавлат тиббиёт олий таълим муассасаларида икки босқичли давлат имтиҳонларини ўтказиш тизими жорий этилади. 1-босқичда талабалар фундаментал фанлар бўйича якуний давлат имтиҳонларини топширса, 2-босқичда клиник фанларни ўзлаштирганлик даражаси баҳоланади. Дастлабки имтиҳонни муваффақиятли топширганларга курсдан курсга ўтишга, клиник билимларга оид синовларда яхши натижа кўрсатганларнинг эса амалиётда шифокор бўлиб ишлашига рухсат этилади.

Маълум қилинишича, ординатурага ва интернатурага кириш имтиҳонлари ҳам инсон омилисиз ўтказилади.

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан 2023/2024 ўқув йилида клиник ординатура ва интернатура йўналиши бўйича имтиҳонларни ташкил этиш мақсадида тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари ва уларни шакллантирувчи экспертлар гуруҳи тасдиқланган.

Бу йилдан бошлаб клиник ординатура ва интернатурага кириш имтиҳонлари инсон омилидан бутунлай холи бўлади. Шу пайтгача суҳбат асосида ўтказиб келинган қабул жараёнларига чек қўйилади.

Эндиликда тиббиёт олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий тадқиқот институтларида клиник ординатура ва интернатура мутахассисликлари бўйича кириш имтиҳонлари бир босқичли тест синовлари асосида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилади.

Бунда ҳар бир талабгор учун БҲМнинг ярим баравари миқдоридаги тўлов тегишли тиббий таълим муассасаси томонидан тўлаб берилиши белгиланган.

Қабул жараёнлари йилига икки марта ташкил этилиши ҳам номзодлар учун қўшимча имконият беради.

Хусусий тиббиёт муассасалари тор соҳа мутахассислари тайёрлашда иштирок этади. Юқорида келтирилган “Йўл харитаси”га асосан етакчи хусусий клиникаларда клиник ординатура дастурлари асосида тор доирадаги мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, давлат тиббий олий таълим муассасаларининг хирургия, кардиология, стоматология ва терапия каби қатор кафедраларига ривожланган хусусий кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида ўқув-клиник амалиёт базасини ташкил этишга рухсат берилади.

Хусусий тиббиёт муассасаларининг клиник ординатурага қабул жараёнлари ҳам давлат муассасаларида бўлганидек, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бир босқичли тест шаклида йилига икки марта амалга оширилади.

М.Қосимова, ЎзА