Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг юқори даражадаги ҳафталиги доирасида Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) бўйича саммит бўлиб ўтмоқда.

“БМТ янгиликлари” хабар беришича, тадбирнинг биринчи кунида дунё етакчилари томонидан 2030 йилга қадар барқарор, инклюзив ва тараққий этган дунё барпо этиш йўлида бирлашишга содиқлик қайд этилган тарихий декларация қабул қилинди.

Маълумки, 2015 йил қабул қилинган БРМ 2030 йилга қадар амалга оширилиши керак.

– БРМ шунчаки мақсадлар ёзилган рўйхат эмас, балки бутун дунёдаги одамларнинг умиди, орзуси ва кутганлари рўёбидир, – таъкидлади БМТ раҳбари Антониу Гуттериш. – Айни жараён бу йил қабул қилинганига 75 йил тўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси мажбуриятини бажарувчи ишончли йўлни таъминлайди.

Анжуманда Бош котиб мазкур босқичда халқаро ҳамжамият олдида турган очликка қарши кураш, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш, умумий рақамлаштириш, таълим сифатини ошириш, одамларни муносиб иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, “табиат билан уруш”ни тўхтатиш каби олтита асосий вазифани санаб ўтди.

Г.Абдуллаева тайёрлади.

ЎзА