Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессияси юқори даражадаги ҳафталиги очилмоқда. 19-23 ва 26 сентябрь кунлари давлат раҳбарлари, бош вазирлар, ташқи ишлар вазирлари халқаро ташкилотлар вакиллари тадбирларда иштирок этади.
Ҳафталик коронавирус пандемиясидан кейин биринчи марта санитария чекловларисиз ўтади, қатнашчилар барча тадбирларда шахсан иштирок этишлари лозим, видеомурожаатларга рухсат берилмайди.
Анжуманни сессия раиси Дэннис Фрэнсис ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш очиб беради.
Дастлаб анъанага мувофиқ, Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силвага навбат берилади, кейин АҚШ раҳбари Жо Байден нутқ сўзлайди. Америка етакчиси БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ичида ягона ўзи чиқиш қилади.
Буюк Британия, Хитой, Россия ва Франция биринчи шахслари бу йил Нью-Йоркка келмаган.
19 сентябрда Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Бош ассамблеядаги чиқиши кутилмоқда.
Шунингдек, биринчи иш куни Эрон, Қозоғистон ва Қирғизистон раҳбарлари сўз олади.