Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Америка Қўшма Штатларида бўлиб турибди.
Президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида 18 сентябрь куни ўзига ажратилган қароргоҳда Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель, “GE HealthCare” компаниясининг Европа, Яқин Шарқ ва Африкадаги президенти ва бош ижрочи директори Роб Уолтон, “Oppenheimer” инвестиция компанияси бошқарувчи директори Жон Тонелли, “Cerberus” компанияси вице-президенти Брайан Хук, “CNH” компанияси вице-президенти Стив Надерни, “Cintana” компанияси раҳбари Дуглас Беккер, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, “Air Products” компанияси бошқаруви раиси, президенти ва бош ижрочи директори Сейфи Гасеми ва Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиева билан учрашув ўтказди.
Шарль Мишель билан учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама муносабатларда бугун ғоят юксак даражага эришилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Еврокенгаш раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи, “ЕИ – Марказий Осиё” форматидаги саммитлар, Ўзаро боғлиқлик бўйича халқаро конференция ва иқтисодий форумлар муваффақиятли ўтказилди.
Йил бошидан буён Ўзбекистоннинг ЕИ мамлакатлари билан товар айланмаси ҳажми 35 фоизга ошди, Европанинг етакчи компаниялари билан биргаликда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, муҳим маданий тадбирлар уюштирилмоқда.
Учрашув чоғида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда қабул қилиш, ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кооперацияни, шу жумладан, узоқ муддатли икки томонлама ҳужжатларни қабул қилиш орқали чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Еврокенгаш Президенти Шарль Мишель Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни илгари суриш, ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда Ўзбекистон раҳбари етакчи роль ўйнаётганини қайд этди.
Самарали халқаро транспорт йўлакларини, хусусан, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Афғонистонда юзага келаётган вазият, шу жумладан, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бўлажак кўп томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди.
“GE HealthCare” компаниясининг Европа, Яқин Шарқ ва Африкадаги президенти ва бош ижрочи директори Роб Уолтон билан учрашувда корпорациянинг мамлакатимизда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги режалари муҳокама қилинди.
Дунёнинг индустриал гиганти бўлган “General Electric” корпорацияси стратегик шериклик доирасида Ўзбекистон корхоналари билан инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, замонавий юқори технологик ускуналарни етказиб бериш ва уларни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш ниятида.
“GE HealthCare” компанияси президенти Роб Уолтон соғлиқни сақлаш соҳасида кардиографлар ишлаб чиқариш, скрининг ва кардио ахборот тизими йўлга қўйилишини таъкидлади. Бундан ташқари, инвестор Ўзбекистонда Миллий тиббий маълумотлар архивини яратишда иштирок этишни режалаштирмоқда.
Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
1994 йилда “General Electric” таркибида ташкил этилган “GE HealthCare” бош қароргоҳи Чикагода жойлашган тиббий технологиялар соҳасидаги трансмиллий компания. Корпорация активлари қарийб 28 миллиард долларни ташкил этади.
“Oppenheimer” инвестиция компанияси бошқарувчи директори Жон Тонелли билан учрашув ҳам самарали бўлди.
Активлари қиймати 36 миллиард доллар бўлган ушбу йирик инвестиция банкининг сармоясини жалб қилган ҳолда мамлакатимизда лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Жон Тонелли мамлакатимизда саноат қувватларини ташкил этиш ва модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳаларга хусусий инвестицияларни жалб қилиш юзасидан келишувларга эришилганини мамнуният билан қайд этди.
Биринчи босқичда тўқимачилик кластерлари, қурилиш материаллари саноати корхоналарини ривожлантириш, Тошкент шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш мўлжалланган.
Бундан ташқари, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга инвестиция йўналтириш кўзда тутилган.
Президентимиз ушбу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга тез фурсатда амалий ишларни бошлашга топшириқ берди.
“Cerberus” компанияси вице-президенти Брайан Хук билан учрашувда иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Активлари қиймати 60 миллиард доллардан зиёд бўлган глобал инвестиция корпорацияси коммуникациялар тармоғи, фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш, транспорт ва энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш лойиҳаларига тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтиришни режалаштирган.
Вице-президент Брайан Хук илк ҳамкорлик лойиҳалари жорий йилнинг охирига қадар бошланишини таъкидлади.
Учрашув якунида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Активлари қиймати қарийб 50 миллиард доллар бўлган “CNH” трансмиллий компанияси қишлоқ хўжалиги машинасозлигида Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкоридир. Машҳур “Case” ва “New Holland” брендлари остида йўл қуриш ва қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаради.
Учрашувда вице-президент Стив Надерни компаниянинг тармоқдаги бир қатор саноат корхоналарини хусусийлаштириш ва модернизация қилиш, комбайн ва пахта йиғиш машиналарини ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, шу жумладан, юқори қувватли тракторлар ишлаб чиқариш ҳамда лизинг тузилмаларига тўғридан-тўғри молиявий ресурслар ажратиш режаларини баён қилди.
Президентимиз компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш борасидаги режаларини қўллаб-қувватлади.
“Cintana” компанияси Аризона давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, дунёнинг 30 мамлакатида фаолият юритади, университетларда таълим сифатини ошириш билан шуғулланади.
“Cintana” асосчиси ва раиси Дуглас Беккер Аризона давлат университети билан ҳамкорликда мамлакатимизда Америка технологиялар университетини ташкил этиш устида иш олиб бормоқда.
2024 йилдан бошлаб соғлиқни сақлаш, инжиниринг, архитектура ва дизайн каби йўналишларда малакали кадрлар тайёрлашни бошлаш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу режаларни маъқуллаб, Ўзбекистон таълим соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратишга тайёрлигини билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм билан учрашди.
Тадбирда “GE HealthCare”, “Oppenheimer”, “Cerberus”, “CNH” ва “Cintana” корпорациялари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон етакчиси учрашув иштирокчиларини Америка – Ўзбекистон савдо палатаси ташкил этилганининг 30 йиллиги билан табриклаб, ушбу тузилма икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Жорий йил 15 сентябрь куни Вашингтон шаҳрида АҚШнинг 250 дан ортиқ компания ва банклари вакиллари иштирокида ўтган қўшма бизнес форумининг самарали якунлари катта мамнуният билан қайд этилди.
Палата раиси Кэролин Лэмм давлатимиз раҳбарига Америка бизнесининг мамлакатимизга қизиқиши ва ишончи ошишига хизмат қилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини амалга оширишдаги сиёсий етакчилиги учун миннатдорлик билдирди. Кейинги бир неча йилда палата таркибига АҚШнинг йирик компаниялари киргани, уларнинг умумий сони 50 тага етгани таъкидланди.
Учрашувда АҚШ бизнесининг мамлакатимиздаги фаолиятини кенгайтириш борасидаги аниқ режалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича “йўл харита”ларини қабул қилишга келишиб олинди.
“Air Products” компанияси бошқаруви раиси, президенти ва бош ижрочи директори Сейфи Гасеми билан учрашувда АҚШ Давлат котибининг энергетика масалалари бўйича ўринбосари Жеффри Пайетт ҳам иштирок этди.
АҚШнинг етакчи компанияси билан стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалалари, жорий лойиҳаларнинг бориши ва истиқболга мўлжалланган аниқ режалар кўриб чиқилди.
Бугунги кунда юртимизда “Air Products” томонидан “Uzbekistan GTL”да саноат газларини қайта ишлаш, “Навоийазот” негизида синтез-газ, кислород ва азот, суюлтирилган карбонат ангидрид ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Кейинги икки йилда ушбу лойиҳаларнинг давоми сифатида компаниянинг 1 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялари жалб қилинди.
Суҳбатда кўмирни газлаштириш, техник газлар, водород ва аммоний ишлаб чиқариш ҳамда аччиқ газларни утилизация қилиш бўйича истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди.
“Air Products” экспертлари карбонсизлаштириш соҳасида зарур норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда ҳам қатнашади.
Бундан ташқари, лойиҳалар портфелидан озиқ-овқат саноатига инновацион ишланмаларни жорий қилиш ўрин олган.
Учрашув якунида “Air Products” компаниясининг Ўзбекистон учун қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган янги инвестиция дастурини амалга ошириш бўйича келишувлар алмашилди.
Ўзбекистон – АҚШ кўп қиррали ҳамкорлигини кенгайтиришга қўшган ҳиссаси ва мамлакатимиздаги ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Air Products” бошқаруви раиси Сейфи Гасемига юксак давлат мукофоти – “Дўстлик” орденини топширди.
Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиева билан учрашувда глобал иқтисодий вазият юзасидан батафсил фикр алмашилди. ХВФ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни, шу жумладан, жорий йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида ўтган икки томонлама учрашувда эришилган келишувлардан келиб чиққан ҳолда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Фонд раҳбари Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар дастури натижаларига юқори баҳо берди ҳамда мамлакатимиздаги самарали янгиланишларни илгари суришда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув чоғида ХВФнинг юртимиз молия соҳаси барқарорлигини комплекс таҳлил қилиш, иқтисодий сиёсатни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда консалтинг кўмагини кўрсатиш ҳамда мамлакатимиз идоралари мутахассисларининг салоҳиятини юксалтириш дастурини амалга оширишдаги иштирокига доир масалалар муҳокама қилинди.
Амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатларида яшаётган ва ишлаётган бир гуруҳ ватандошларимиз ҳамда ушбу мамлакатнинг етакчи олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан учрашди.
Очиқ ва жонли мулоқот шаклида ўтган тадбирда давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида сўзлаб берди, мамлакатимиз модернизациясига кўмаклашишда ватандошларимизда улкан салоҳият борлигига эътибор қаратди.
Ватандошлар ва уларни бирлаштирувчи ташкилотлар мисли кўрилмаган юқори даражага чиққан Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ватандошларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, хорижда ўзбек тили курсларини ташкил этишга кенг кўмаклашиш, ватандошлар Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларини зиёрат қилиши учун махсус туризм хизматлари тўпламларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
– Биз таълим, тиббиёт, иқтисодиётда олиб бораётган янгиланишлар натижасини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида ҳис қилиши керак. Сизлардек хорижда ўқиган, йирик компанияларда ишлаб, тажриба орттирган юқори малакали мутахассислар ҳам юртимизга қайтиб келиши ва бутун салоҳияти билан Янги Ўзбекистонни барпо этишда иштирок эта олишлари учун барча шароитни яратишимиз керак, – деди Президентимиз. – Бугун шу ердаги ҳар бир ўзбекистонликда кучли Ватан ҳисси ва унинг ривожига ҳисса қўшиш иштиёқини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Сизларни Ўзбекистонда кутиб қоламиз.
Учрашув иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган туб ва кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини янада ошириш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидладилар.
Катта компанияларда ишлаётган ва нуфузли олий таълим даргоҳларида ўқиётган ватандошлар ўз фикр ва таклифларини билдирди. Жамият ҳаёти ва иқтисодиётнинг турли масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Қаратилаётган катта эътибор учун самимий миннатдорлик билдириб, ватандошлар Ўзбекистон ривожига муносиб ҳисса қўшишга тайёрлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига амалий ташрифи давом этмоқда.
ЎзА