ЎзА аввал хабар берганидек, Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Марказий Осиё халқаро институти – МОХИ етакчи илмий ходими Жасур Қодиров саммитда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар истиқболини шундай шарҳлайди:

Бутун дунё оммавий ахборот воситалари, экспертлар диққати Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви форматидаги музокараларни муваффақиятли ўтказган Душанбе шаҳрига қаратилган.

Минтақа давлатлари раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши анъанавий тарзда яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида ўтди, деб баралла айта оламиз.

Давлат раҳбарлари самимий ва дўстона муҳитда минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар, Марказий Осиёда самарали ҳамкорликнинг кейинги истиқболларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, Президентлар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар таҳлили барқарор иқтисодий ўсиш ва минтақа халқлари учун қулай турмуш шароитини таъминлаш мақсадида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ниятидан далолат беради.

Шу ўринда Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг Иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича Минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклифига эътибор қаратсак, Марказий Осиёда ҳарорат исиши дунёнинг бошқа қисмларига қараганда тезроқ кечаётгани учун бу ташаббус жуда долзарбдир.

Агар 1900 йилдан буён ўртача глобал ҳарорат 1,1 даражага ошган бўлса, бизнинг минтақамизда ўртача йиллик ҳарорат 1,6 даражага, яъни 13,2 дан 14,8 гача кўтарилган. Прогнозларга кўра, 2050 йилга келиб ҳаво ҳарорати яна 1,5-3 даражага ошиши мумкин.

Натижада сўнгги 50-60 йил ичида Марказий Осиёда музликлар майдони 30 фоизга қисқарди. Жаҳон банки қайд этганидек, сув танқислиги ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин.

Осиё тараққиёт банки ҳисоб-китобига кўра, 2050 йилга бориб минтақада суғориладиган ер майдонлари 25 фоизга қисқаради. Ер деградацияси туфайли йиллик йўқотишлар тахминан 4,5 миллиард долларни ташкил этади. Бундай шароитда ҳозирги иқлим ўзгаришига мослашиш Марказий Осиё давлатларининг кейинги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши кафолати ва муҳим шартига айланади.

Ҳудудда мамлакатлар бир географик маконда жойлашгани ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўхшаш муаммоларга эга эканини ҳисобга олсак, минтақавий стратегияни қабул қилиш мантиқий ва амалий қадамдир.

Бу мамлакатлар ўртасида минтақавий мулоқотни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича комплекс ечимларни ишлаб чиқиш имконини беради. Шунингдек, иқлим масалалари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари йиллик кун тартибидан мустаҳкам ўрин олгани қувонарли.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили минтақа давлатлари раҳбарларининг 4-учрашувида тасдиқланган “Яшил кун тартиби” минтақавий дастури доирасида фаол ишлар олиб борилмоқда.

Ишончимиз комилки, Ўзбекистон раҳбарининг иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини амалга ошириш мазкур йўналишдаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.

Б.Худойбердиев, ЎзА