Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Ватан остонаси” шиори остидаги “Маънавият карвони”нинг дастлабки манзили мамлакатимизнинг шимолий ҳудуди Қорақалпоғистон Республикаси бўлди.
Эрта тонгдан элимиз ардоғидаги санъаткорлар, Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Зулфия Мўминова, “Муқимий” номидаги ўзбек давлат мусиқали драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Отабоев, юридик фанлари доктори, профессор Феруза Муҳиддинова ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий ватанпарварлик бўлими бошлиғи Махфират Зикировалар Нукус халқаро аэропортида кутиб олинди.
Меҳмонлар ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида бўлиб, юртимиз осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида жон фидо қилган қаҳрамон чегарачилар хотирасига ҳурмат бажо келтиргач, Қўнғирот тумани “Каракалпакия” аҳоли яшаш пунктида жойлашган Маданият саройи томон йўл олди. Маҳаллий аҳоли вакиллари, ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этган тадбирда сўз олганлар бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилаётган юксак эътибор ва Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтди. Тадбирнинг бадиий қисмида юртга садоқат, меҳр-оқибат ҳамда инсонийликни тараннум этувчи шеърлар ўқилди, машҳур спектакллардан бадиий парчалар намойиш этилди.
– Бизни миллий урф-одат ва анъаналарга хос тарзда, ўзгача меҳмондўстлик билан кутиб олишди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Отабоев. –Ташкил этилган маънавий тадбир давомида йиғилган ёшу қари билан дилдан суҳбат қурдик. Албатта, юртдошларимиз, айниқса, келажак авлодда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш борасида бундай учрашувларнинг ўрни беқиёс.
Шунингдек, ташриф давомида мазкур ҳудудда жойлашган ДХХ Чегара қўшинларига қарашли бўлинмалардан бирида сарҳадларимиз посбонларининг турмуш ўртоқлари учун қурилган фитнес зали, фарзандлари учун ўйингоҳ ва китобхонлик маданиятини ошириш учун ташкил этилган кутубхонанинг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Рамзий ленталар кесилгач, меҳмонлар бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирди.
– Шундай олис чегараолди ҳудудида юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаётган ўғлонларимиз, уларнинг турмуш ўртоқлари ва фарзандларига қаратилаётган бундай юксак эътибордан ниҳоятда мамнун бўлдик, – дейди юридик фанлари доктори, профессор Феруза Муҳиддинова. Айниқса, ҳарбий оила бекалари учун яратилган фитнес залини кўриб, кўзим қувнади. Ўзим ҳам тренажёрлардан бирига ўтириб фойдаланиб кўрдим. Бунинг барчаси инсон қадри, унинг бахтиёр ва фаровон турмушини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг яққол намунаси десам, янглишмайман.
Навбатдаги манзил “Жаслық” аҳоли яшаш пункти. Ҳудуддаги 54-сонли умумтаълим мактабида ўқувчи ёшлар, нуронийлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари жам бўлди. Бу ерда ҳам самимий суҳбат ва қизиқарли савол-жавоблар дилтортар куй-қўшиқ, рақсларга уланиб кетди.
Мактаб ҳовлисида сарҳадларимиз посбонлари томонидан ташкил этилган қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техникалар кўргазмаси, хизмат ҳайвонлари иштирокидаги чиқишлар, шунингдек, шижоатли ҳарбийлар бажарган қўл жанги усулларининг намойиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.
Икки кунлик сафар давомида меҳмонлар Амударё туманининг “Қиличбек” овул фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб, бу ердаги Маданият саройида икки юз нафарга яқин маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашди. Элимиз ардоғидаги санъаткорлар ва маънавият вакиллари билан учрашув амударёликларга ҳам олам-олам қувонч улашди.
– Мен Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар опа Зокированинг мухлисасиман. Бугун улар билан суҳбатлашиб, ватанпарварлик ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, шеърлари, ўйнаган спектаклларидан парчаларни тинглаб катта таассурот олдим. Умуман, санъатимиз вакиллари бизнинг овулга ташриф буюрганидан ниҳоятда хурсандмиз, – дейди Сарвиноз Мамешова.
ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбийлари ҳамроҳлигидаги “Маънавият карвони” сарҳадларимиз бўйлаб сафарини давом эттирмоқда.
Н.Бозорова, ЎзА мухбири