Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида барча бўғиндаги давлат фуқаролик хизматчилари ва суд-ҳуқуқ тизими ходимларига янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.

Ўқув-семинарда вазирлик ва идоралар, уларнинг шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қиладиган ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этадиган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Янги Конституцияда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларини тартибга солувчи бир қатор ўзгаришлар, янги қоидалар жой олган.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида алоҳида  график асосида барча бўғиндаги давлат фуқаролик хизматчилари ва суд-ҳуқуқ тизими ходимларига янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳиятини ўқитишни ташкил этиш топшириғи берилган. Мазкур топшириқ ижроси доирасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлигининг қўшма қарори билан вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ҳамда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида ўқув-семинарларни ташкил этиш ва ўтказиш жадвали тасдиқланган.

Семинар давомида давлат хизматчиларига янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан вазирлик ва идораларда амалга ошириладиган биринчи навбатдаги устувор вазифалар, Конституциянинг асосий тамойиллари, инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари ҳамда жамият ва шахс масалалари, Конституцияда давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ҳамда сайлов тизимидаги фундаментал вазифалар мавзуларида маъруза ва тақдимотлар қилинди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари