Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикасида “Ватан остонаси” шиори остида фестиваль ташкил қилинди. Бундан мақсад ҳудуднинг чегараолди маҳаллаларида яшовчи ёшлар турли ёт ғоялар гирдобига тушиб қолишининг олдини олиш, уларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадрият ҳамда анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялашга кўмаклашишдир.

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, театр актёрлари, шоир ва ёзувчилар, олимлар ва санъаткорлардан иборат ижодий гуруҳ иштирок этган фестивал бошланиши олдидан меҳмонлар ҳарбий хизмат чоғида Ватан тинчлиги йўлида жон фидо этган ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари хотирасини ёд этди. Қорақалпоғистон Республикасининг олис Қўнғирот тумани Қорақалпоқ посёлкасида жойлашган Маданият уйида давом этган тадбирда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари, ҳудудда истиқомат қилаётган ёшлар қатнашди.

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, олим ва шоирларнинг маърузалари, санъаткорлар томонидан ижро этилган қўшиқлар, туман Маданият уйи хонандаларининг ижодий чиқишлари қатнашчиларга хушкайфият улашди.

Шунингдек, Қўнғирот тумани чегарасида жойлашган ҳарбий қисмда маданий-маърифий тадбирлар, жумладан, ҳарбий шаҳарчада бунёд этилган янги кутубхонанинг очилиш тадбири ҳам ташкил қилинди. Таъкидлаш жоиз, кўркам, барча шароитларга эга янги кутубхонада ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналари, ҳуқуқ ва бошқа соҳаларга оид адабиётлар, матбуот нашрлари ўрин олган.

Фестивал доирасида ҳарбий шаҳарчада ҳарбийларнинг оила аъзолари билан суҳбат ҳам ташкил қилинди.

Олис Жаслиқ аҳоли пунктида ўтказилган навбатдаги тадбирлар, 54- ҳамда 57-сонли умумтаълим мактабларида бўлиб ўтган ижодий учрашувларда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, шоир ва олимлар, санъаткорларнинг чиқишлари ҳудуд аҳолиси, ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчилар қалбида чуқур таассурот қолдирди.

“Ватан остонаси” фестивали Фарғона, Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятларида давом этади.

М.Комилова,

ЎзА  мухбири