Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан маҳаллалардаги объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар ижросини назорат қилиб бориш мақсадида Сенат аъзолари жойларга чиқиб, ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш борасидаги лойиҳалар ижросининг боришини ўрганмоқда.
Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Батир Матмуратов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ишлар билан танишди ва маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилди.
Бўзатов туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишилди. Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида “Янги Мўйноқ” номли китоб – альбомнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, ушбу китоб-альбомда мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан Мўйноқ туманида ўтган қисқа вақт мобайнида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, аҳоли турмуш тарзидаги ижобий ўзгаришлар ўз аксини топган.
Сенатор тумандаги “Эркиндаря” овул фуқаролар йиғини “Акеден” овули ҳудудида барпо этилаётган 200 ўринли санатория ҳамда 60 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти қурилиши билан танишди. У ерда ташкилий масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, масъулларга тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, сенатор аҳоли хонадонларига бориб, вазиятни ўрганиб, зарур чоралар кўрди. Айни пайтда тумандаги “Бўзатов” овул фуқаролар йиғинида яшовчи A. Ниетбеков хонадонида хомийлар кўмагида тўлиқ таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Сенаторларнинг ҳудудлардаги ўрганишлари давом этмоқда.
ЎзА