“Миллий банк" ва «Сбербанк» ҳамкорликнинг янги босқичида

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Қозоғистондаги «Сбербанк» акциядорлик жамияти шўъба банки ҳамкорлигида банк фаолиятининг илғор халқаро тажрибасини ўрганиш ҳамда банк хизматлари ва маҳсулотларининг янги турларини жорий этиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раиси А.Мирсоатов, «Сбербанк» акциядорлик жамияти шўъба банки бошқаруви раиси А.Камалов ва бошқалар Ўзбекистон ва Қозоғистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча йўналишлар қаторида банк фаолияти тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди.

– Мижозларга замонавий банк хизматларини кўрсатиш, соҳага янгиликлар олиб кириш мақсадида «Сбербанк» акциядорлик жамияти шўъба банкининг тажрибаси билан яқиндан танишишга муваффақ бўлдик. Масалан, «Сбербанк» чакана бизнес борасида яхши натижаларга эришмоқда. Мазкур банкнинг айнан шу йўналишдаги ютуқлари биз учун жуда муҳимдир, – деди Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки чакана операциялар департаменти директори М.Набиев.

3.jpg

5.jpg
– «Сбербанк» акциядорлик жамияти шўъба банки Қозоғистоннинг молия бозорида 11 йилдан буён муваффақияли фаолият олиб бормоқда, – деди мазкур банкнинг чакана банкингни ривожлантириш бўйича бошқарувчи директори Ж.Изимова. – У Қозоғистон тижорат банклари ичида активлари ҳажми бўйича 4-ўринни эгаллайди. Юртингизда банк тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Соҳадаги изланишлар, албатта, яхши натижа беради. Бугунги икки банк ўртасида ўтказилган учрашув нафақат мижозлар ишончини оқлашда, балки халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.

 

Насиба Зиёдуллаева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА