Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш юртимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда 17 миллион нафардан ортиқ, шу жумладан 9,1 миллион нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёлларга 227 та туғуруқ муассасалари, 18 ёшгача бўлган 11 миллион нафар болага эса 245 та педиатрия муассасалари хизмат кўрсатиб келмоқда.
Тиббий-санитария муассасаларида “Аёллар маслаҳатхона”лари, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларда “Онко-назорат хона”си ҳамда Қизлар саломатлик марказлари фаолият юритяпти.
Шунингдек, Президентнинг тегишли қарорига асосан республикадаги 46 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг туғуруқ бўлимлари негизида туманлараро перинатал марказлари амалдаги штатлар доирасида ташкил этилган.
Нафақат вилоят, балки туман (шаҳар) миқёсида янги ташкил этилган перинатал скрининг хоналарида ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида аёллар оммавий тарзда ультратовуш текширувидан ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 6 ойида 1,9 миллион нафар хотин-қиз онкоскрининг текширувидан ўтказилди. 5,9 миллион нафар 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларнинг 662,3 минг нафари темир, 560,5 минг нафари эса фолий препаратлари билан бепул таъминланди.
Бундан ташқари, эшитиши заиф ва туғма карликни даволаш мақсадида 2023 йилнинг биринчи ярмида 5 ёшгача бўлган 164 нафар болада кохлеар имплантация амалиётлари ўтказилди.
Йил якунига қадар ҳомиладор аёллар ва болаларга ҳудудидан қатъи назар, кафолатланган бепул тиббий хизматдан фойдаланиш имкони яратилади. Шунингдек, болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёлларни 7 турдаги витамин ва минераллар билан бепул таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида такрорланувчи хизмат турларини оптималлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
ЎзА