ТУРКСОЙ халқаро ташкилотининг Доимий Кенгаши ташкилотчилигида AҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида “Махтумқули Фироғий” бадиий фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу фильм Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ва Туркманистон киноижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинган.

Фильм намойишида Ўзбекистон, Туркманистон, Туркия консулликлари ва элчихоналаридан вакиллар, AҚШдаги жамоат бирлашмалари, кино ва телевидение мутахассислари иштирок этди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон томонидан “Махтумқули Фироғий” бадиий фильми бош режиссёри Музаффархон Эркинов, бош роль ижрочиларидан бири Боир Холмирзаев, фильмнинг монтаж режиссёри Дилшод Иброҳимов, Туркманистон томонидан бош роль ижрочиси Aхмед Aмандурдиев ва бошқа ижодкорлар қатнашди.

Тадбирни ТУРКСОЙ ташкилотининг Бош котиби Султон Раев очиб берди.

Фильм тадбир иштирокчилари томонидан жуда илиқ кутиб олинди.

“Махтумқули Фироғий” бадиий фильми ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти 2024 йилнинг ноябрь ойида Туркманистоннинг Aшхобод шаҳрида ўтказган “Қўрқут ота” IV халқаро кинофестивалида энг олий соврин – “Энг яхши фильм” номинациясида ғолиб бўлган эди.

Н.Усмонова,  

ЎзА