Бугун Ўзбекистонда ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришни таъминлайдиган зарур шарт-шароитлар яратилди.

Маҳаллаларда фаолият юритаётган ёшлар етакчилари хонадонлардаги юртдошларимиз билан алоҳида-алоҳида ишлаб, уларнинг муаммоларини бартараф этмоқда. Давлат ва нодавлат ташкилотларида ҳам ёшлар билан ишлашнинг янгича усуллари жорий этилмоқда. Ташкилот ва вазирликлардаги ёшлар бўйча масъуллар бу борада алоҳида иш олиб бормоқда.

Жорий йилдаги режалар ва лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги пресс-клубида вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари учрашуви ташкил этилди. Мулоқот шаклида ўтган йиғилишда маслаҳатчилар тизимидаги ёш кадрлар учун амалга оширилаётган ишларни атрофлича муҳокама қилди.

Тадбир давомида Ёшлар ишлари агентлигида йўлга қўйилган ва мамлакатимиз бўйлаб миллионлаб ёшларни қамраб олаётган “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Қизлар академияси” ва “UzChess” каби лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Маслаҳатчилар ўзаро тажриба алмашиб, тизимдаги ёшларни мазкур платформаларга жалб этиш масаласини ҳам кўриб чиқди. Лойиҳа муаллифлари 2025 йилда ёшлар билан ишлаш тизимини янада ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Тадбир келгусида вазирлик ва идораларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, давлат хизмати соҳасида ёш кадрларни босқичма-босқич тайёрлаш, ёшлар орасида давлат хизмати жозибадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади.

Беҳруз Худойбердиев,

Аслиддин Алижонов (фото),

Искандар Исматов (видео),

ЎзА