Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасидаги маданий муассасалар фаолиятини комплекс ривожлантириш ҳамда маданият ва санъат соҳасига доир амалга оширилган ишларни кенг тарғиб қилиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.

Сўнгги йиллар мобайнида Қорақалпоғистон Республикасида бир қатор янги маданият ва санъат масканлари қад ростлади. Хусусан, Мўйноқ, Хўжайли, Элликқалъа, Чимбой туманларида 150 ўринлик болалар мусиқа ва санъат мактаблари, Нукус шаҳрида Опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернати янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мўйноқ, Бўзатов, Чимбой, Қўнғирот туманларида амфитеатр биноси, Инвестиция дастури доирасида Нукус шаҳрида республика кўзи ожизлар кутубхонаси янгидан қурилди. Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар ҳамда Қорақалпоқ давлат Қўғирчоқ театрлари янги биноси фойдаланишга топширилди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театрига “Академик театр” мақоми берилди.

Тадбирнинг дастлабки куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев билан учрашувида 2025-2026 йилларда Оролбўйида ўтказилиши режалаштирилган маданий тадбирлар муҳокама қилинди.

Пресс-тур доирасида ҳудудда маданият ва санъат соҳасида ислоҳотларни жадаллаштириш, аҳолининг мароқли дам олишини, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларга маданий хизмат кўрсатиш сифатини оширишда самарали меҳнат қилган ходимларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Кейинги йилларда Оролбўйини янада обод қилиш, бу ернинг мард ва танти, самимий ҳамда меҳнаткаш аҳолисига муносиб турмуш шароитларини яратиш, иш ва даромад манбаи билан таъминлаш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари такрор ва такрор таъкидлаганларидек, “Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, Қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун Ўзбекистон халқининг бахти ва фаровонлигидир”. Юракдан айтилган ушбу самимий сўзлар ҳар биримизнинг айни дилимиздаги ният ва мақсадларнинг ҳаётий ифодаси бўлиб, Қорақалпоғистоннинг ҳар томонлама тараққий этишига муносиб ҳисса қўшиш – биз учун ҳам бурч, ҳам катта шарафдир.

Тадбир якунида бир гуруҳ фидойиларга “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони ҳамда “Aлғис – 2024” номинациялари тантанали равишда топширилди.

Нукус шаҳридаги Ёшлар маркази биносида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг қорақалпоғистонлик ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда маданият ва санъат соҳасида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган 200 нафарга яқин иқтидорли ёш, давлат мукофоти ва стипендиантлари, халқаро танловлар ғолиблари иштирок этди. Тадбирда ёшлар ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Пресс-тур иштирокчилари Кегейли туманидаги “Халқабад” маданият марказида бўлди. “Халқабад” маданият маркази 1963 йили қурилган бўлиб, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Марказнинг биноси 2024 йилда қайта фойдаланишга топширилди ва тўлиқ замонавий жиҳозлар, мусиқа асбоблари, овоз кучайтирувчи ускуналар, ўқув қўлланмалари билан таъминланди. Бугунги кунда маданият марказида тўқимачилик, рақс, гитара, қўғирчоқ театри, ашула тўгараклари фаолият юритмоқда. Уларга 60 нафарга яқин ҳудуд ёшлари қамраб олинган. Шунингдек, кичик кутубхона ва томошабинлар залида кинотеатр йўлга қўйилган. Марказ 35 минг нафардан зиёд аҳолига маданий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Тадбир иштирокчилари маданият марказида яратилган шароитлар билан танишди. Туман аҳолисига давлат буюртмаси асосида суратга олинган комедия жанридаги “Яша хотин” кинокартинаси намойиш этилди.

Навбатдаги манзил, Хўжайли туманидаги 4-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби бўлди. Мазкур мактаб 1957 йилда ташкил этилган бўлиб, 2019 йилда 4 миллиард 950 миллион сўм маблағ эвазига реконструкция қилинди. 150 ўринга мўлжалланган мактабда айни кунда 180 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда. Шунингдек, бу ерда 150 ўринли концерт зали, кутубхона ва 25 та ўқув хонаси мавжуд.

Ҳозирги кунда мактабда 32 нафар педагог ходим фаолият юритмоқда, 2024-2025 ўқув йилида фортепиано, торли чолғу, халқ чолғулари, бахши-жиров, эстрада, хореография, тасвирий ва театр санъати йўналиши бўйича  таълим-тарбия олиб борилмоқда.  Мактаб ўқувчилари бир қанча танлов ва фестивалларда фаол иштирок этиб, юксак натижаларга эришиб келмоқда. Уларнинг орасида Еркиной Оринбаева 2022 йилда, Гулшинар Қудайбергенова 2023 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотини олишга сазовор бўлди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали янги биносининг қурилиш ишлари билан танишди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2024 йилда филиал учун 300 ўринли ўқув биносини қуриш ва капитал  таъмирлаш учун  27 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳозирги кунда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Янги бинони жорий йилнинг иккинчи ярмида  фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Пресс-тур якунида Нукус шаҳридаги “Дўстлик” майдонида “Юлдуз билан саёҳат” лойиҳаси доирасида Беном гуруҳининг концерт дастури, шунингдек, Қорақалпоғистон санъат саройида аҳоли учун давлат буюртмаси асосида суратга олинган “Уч қаҳрамон” ҳамда “Яша хотин” кинокартиналари намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА