
Мамлакатимизда оилаларнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиш, уларнинг барпо этилиши ва мустаҳкамлигига таъсир этувчи омилларни ўрганиш бўйича таҳлиллар олиб борилмоқда.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистонда замонавий оила” мавзусидаги жамоатчилик фикри сўровини ўтказмоқда.
Тадқиқотнинг мақсади юртимизда оиланинг вужудга келиши ва ривожланиши жиҳатлари, унга таъсир қилувчи ижобий ва салбий омиллар, бугунги замонавий жамиятда оилалардаги асосий фарқлар ва келишмовчиликлар, оилавий меҳнат фаолияти ҳақида фуқароларимизнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганишдир.
Шунингдек, бу орқали оилаларда никоҳ шартномалари ва унинг роли тўғрисида аҳолининг қарашлари ўрганилиб, таҳлил қилинади.
Тадқиқотда мамлакатимизнинг барча минтақаларида яшовчи фуқаролар, иқтисодиётнинг давлат ва хусусий секторларида банд бўлган турли миллатлар ва ижтимоий қатламлар вакиллари иштирок этиши мумкин.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА